Жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги муҳим вазифалар


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Полат Бабажанов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ республикамизда бўлиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб бир неча туманларда амалга оширилаётган ишлар, ходимларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Туман ички ишлар бўлимларида маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйгани учун жазо муддатини ўтаётган фуқаролар билан суҳбатлашиб, келгусида уларни иш билан таъминлаш бўйича раҳбарларга топшириқлар берилди. Шунинг­дек, ишчи гуруҳ туман ички ишлар бўлимлари хотин-қизлар билан ишлашиш бўйича катта инспекторлари фаолияти билан танишди. Қораўзак ва Нукус туманлари Ички ишлар бўлимлари биноларида олиб борилган реконструкция ишларини кўздан кечирди. Ички ишлар вазири  барча шаҳар ва туманларда сектор раҳбарлари иштирокида шахсий таркиб билан суҳбатлар ўтказиб, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар заҳирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг жойлардаги ижроси кўриб чиқилди. Қарор асосида Мудофаа, Ички ишлар, Фав­қулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси таркибида «Темурбеклар мактаби»ни ташкил қилиш назарда тутилган эди. Ҳозирги кунда Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейининг қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда бўлиб, ишлар билан танишди ва бу бўйича кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида кўриб чиқилган ишлар якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бабажанов бошқариб борди. Шаҳар ва туман сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок қилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар ва истиқболдаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган йил давомида республикамиз ҳудудида юз берган жиноятларнинг сони 4,98 фоизга, жиноят қидирув соҳасида 18,12 фоизга, шу жумладан, одам ўлдириш, танага оғир жароҳат етказиш, босқинчилик, ўғирлик,  номусга тажовуз қилиш, автотранспорт воситаларини олиб қочиш жиноятлари камайган. Республикамиздаги 401 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 161 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят юз бермаган. Ёш ўсмирлар, ёшлар, хотин-қизлар, ишсизлар, олдин судланганлар томонидан содир қилинган жиноятлар камайган. Фуқаролар йиғинлари аҳолисининг иштирокида 4 та сектор раҳбарлари томонидан 798 та жиноят бўйича ўтказилган муҳокамаларнинг таъсирчанлиги, сабаб ва шароитларни ўрганиш, уларни мувофиқлаштириш бўйича манзилли тадбирларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.

Шу каби ютуқлар билан бир қаторда республикамиз ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Жумладан, ўтган йил 413 жиноятдан маҳаллаларда юз берган ҳар еттинчи жиноят «Халиқлар дослиғи», «Боз аўил», «Қизил қум», «Жа¦а базар», «Саманбай», «Туран», «Таза базар» ва «Марказий» фуқаролар йиғинининг ҳиссасига тўғри келаётгани таъкидланди.  Жиноятчиликнинг олдини олишда «Жамоатчилик назорат марказлари»нинг фаолиятини яхши йўлга қўйиш, юз берган жиноятларни сектор раҳбарлари, ҳокимликлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иштирокида муҳокама қилиш, аниқ режага асосланган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш зарур. Бунда асосий эътибор, Нукус шаҳридаги барча Ички ишлар бўлимларининг ишларини аҳоли сонига, криминоген ҳолатларга ва хизмат самарадорлигига қараб ташкил қилиш,   ҳар ойда ёш ўсмирлар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни жамиятимизнинг фаол аъзосига айлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, ота-онаси узоқ муддат четга чиқиб кетган ўсмирлар ва ёшларни аниқлаб, уларга хомийлар бириктириш ишларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Кенгаши ҳузурида тегишли соҳа вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузиш, хотин-қизлар орасида юз бераётган жиноятлар, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш каби иллатларнинг олдини олиш бўйича жорий йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида белгилар, чизиқлар ва янгидан светафорлар билан таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш талаб этилади.

Тадбирда хизмат вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган бир қатор ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бир нечтасига интизомий жазо чоралари кўрилди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев сўзга чиқиб, республикамиз ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, айтиб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга тўхталиб ўтди.

 Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.