АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРИХИ ВА ЗАРУРАТИ


Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, қадимий Греция, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда аҳолидан солиқ йиғиш ҳамда ҳарбий мақсад учун рўйхат тузилган бўлиб, уларда асосан эркаклар қайд қилинган. Биринчи расмий рўйхатга олиш эса 1790 йилда АҚШ да, 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801 йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда амалга оширилган.

Аммо бу рўйхатлар жуда оддий шаклда бўлган ҳамда уни шакллантириш узоқ муддатга чўзилган. Масалан, АҚШда аҳолини рўйхатга олишга дастлаб бир ярим йил сарфланган.

ХIX асрга келиб қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борила бошлади. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган. ХIX аср охирида дунё аҳолисининг  21 фоизи, ХX аср бошида 54 фоизи қамраб олинган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин аҳолининг рўйхатга олиш тизими янада такомиллашди. 1945-1954 йилларда 151  та давлатда, 1965-1974 йилларда 179 та давлатда аҳоли рўйхатга олинган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмаган. Ўз навбатида аҳоли сони, ёши-жинси, таркиби, ҳудудий жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳолатларидаги  ўзгаришлар аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд  маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси тасдиқланди.

Хўш, республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш бизга нима беради? Маълумки, аҳолини рўйхатга олиш мамлакат фуқароларининг муайян вақтдаги “фотосурат”ини кўриш имконини берувчи давлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, бу орқали маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби (кенг  қамровли), барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги)  ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари,ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади.

Ушбу маълумотлар яқин келажакда мамлакат ва ҳудудларни ижтимоий–иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот сифатида  фойдаланилади.

А.Ибраймов,

Нукус шаҳар статистика

бўлими бошлиғи.