Таҳририятимизга юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларидан мурожаатлар тушмоқда. Улар айни кунларда Нукус шаҳридаги Йўл-патруль хизмати ходимлари транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар қаторида ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатни ҳам талаб қилаётгани учун ушбу масалага аниқлик киритиб беришни сўраганлар. Биз, мазкур масала юзасидан тегишли ташкилотларга юзланганимизда мурожаатчилар шахси билан қизиққанлари учун уларнинг иккитасининг саволини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аман Есбосинов,
юридик шахс мақомидаги ташкилот раҳбарининг хизмат автомашинаси ҳайдовчиси:
— Мен 2018 йил февраль ойида «Avtotest Report» МЧЖ да ўқиб, малака оширганлик ҳақидаги сертификатни олган эдим. Яқинда йўл патруль хизмати ходими тўхтатганида малака оширганлик ҳақидаги сертификатнинг муддати тугашига саноқли кунлар қолгани ва қайта ўқиш шартлигини айтди. Мен «Avtotest Report» фаолияти тўхтатилганини, эндиликда “Ватанпарвар” ташкилотида ўқишимиз мумкинлигини эшитиб, “Ватанпарвар” ташкилотига борганимни ва у ерда ҳали малака ошириш бўйича ўқитиш бошланмаганлигини айтдим. ЙПХ ходими эса муддати ўтиб кетса, жаримага тортилишим ҳақида огоҳлантирди…
Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш талаби бекор қилинганмиди?
Аввало, халқимиз орасида, хусусан ҳайдовчилар орасида “малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш бекор қилинди”, деган ёки “Ватанпарвар”да ўқиш ҳақидаги тушунчалар қандай пайдо бўлганлигига қисқача изоҳ бериб ўтсак. Маълумки, 2017 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 693-сонли қарори қабул қилинди ва шунга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги ва уларга малака оширганлиги тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖнинг сертификати топширилиши белгиланган эди.
Кейинчалик, ҳукуматнинг мазкур қарорига аҳоли томонидан билдирилган эътирозлар сабаб, бир неча марта ўзгаришлар киритилди. Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб «Avtotest Report»нинг ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича алоҳида, монопол ҳуқуқи тугатилиб, юридик шахслар ҳайдовчилари малакасини ошириш билан нодавлат таълим муассасалари ва зарур лицензияга эга бошқа компаниялар ҳам шуғулланиши мумкин бўлган эди. Аммо, юридик шахслар ҳайдовчиларининг малакасини оширганлик тўғрисидаги сертификатни олиш мажбурийлиги сақланиб қолинди.
Шундан кейин, ижтимоий тармоқлар ва расмий сайтларда Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотида малака ошириш курсларини очиш ишлари бошланганлиги, юридик мақомдаги ташкилотлар «Ватанпарвар» ташкилотининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиши ҳамда белгиланган тартибда малака ошириш курсларида ўқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Юқоридаги ҳайдовчи айтганидек, “Ватанпарвар” ташкилотида ҳозиргача юридик шахслар ҳайдовчилари малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинмаган.
ҲАЙДОВЧИЛАР ҚАЕРДА МАЛАКА ОШИРИШЛАРИ МУМКИН?
Шаҳримиздаги собиқ «Avtotest Report» МЧЖ фаолият юритган бинода “Mahoratli haydovchi avto maktabi” МЧЖ томонидан автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинган.
— Кўпчиликка маълум, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 139-сонли қарорига асосан 2018 йил 1 августдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш фаолияти давлат таълим муассасалари, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди, — дейди таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Муртаза Сейтназаров. — Нодавлат таълим муассасамиз 2019 йил 13 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган Лицензия (№AVHT 0785) асосида фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда ўқув курсини тамомлаган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига малака оширгани тўғрисидаги сертификатлар берилмоқда.
Камил Артиков:
— Мен ҳам юридик шахс мақомидаги ташкилот раҳбариятининг хизмат автомашинасини бошқараман. ЙПХ ходимларининг огоҳлантиришларидан сўнг Нукус шаҳридаги ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинган нодавлат таълим муассасасига бордим. Мазкур таълим муассасасига мен малакамни ошириб беришни сўраб ариза ёзишим ёки ташкилот раҳбари хат билан чиқиш тартиби борлигини эшитиб, иккиланиб қолдим. Агар малака ошириш шарт бўлса, нега ариза билан мурожаат қилиш кераклигига тушунмадим. Хуллас, икки йилда бир марта (мен каби хизмат машинасини бошқарувчи) ҳайдовчилар малака ошириш курсларида ўқиб, тегишли сертификат олиш мажбурийми, йўқми? Шунга аниқлик киритиб берсангиз.
Биз, мазкур саволлар билан юқорида келтирилган нодавлат таълим муассасаси раҳбариятига юзланганимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 139-сон қарори 2-иловасидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра юридик шахсларнинг автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширишлари иш берувчининг, бошқа шахсларнинг эса — ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилишини таъкидлашди. Шу нуқтаи назардан агарда фуқаролар ўзлари учун мустақил равишда малака ошириб, тегишли сертификатни олмоқчи бўлса, ўз аризаси билан ёки корхона раҳбари ўз ходимини ўқитмоқчи бўлса, ҳайдовчининг раҳбарияти хат билан мурожаат қилишини ва таълим муассасаси билан (ўқитиш ва малака оширганлик тўғрисидаги сертификат учун ЭКИҲ икки баробари миқдоридаги маблағни тўлаш бўйича) шартнома тузилади. Таълим муассасаси раҳбарияти бу каби саволларга (кўплаб ҳайдовчилар мазкур саволлар бўйича мурожаат қилишини ва уларга ҳам шулар асосида жавоб беришини айтиб) аниқроқ жавоб олишимиз учун Вазирлар Маҳкамасининг шунга оид қарори ва ҳайдовчиларни маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлувчи қонуннинг тегишли бандларидан нусхасини тақдим қилишди.
Қарор ва қонунда нима дейилган?
Биз, кўтарилган мавзунинг моҳиятини очишга дахлдор бўлганлиги учун қарор ва қонуннинг тегишли бандларидан аслича келтирамиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги 139-сонли қарори, 3-банди:
Қуйидагиларнинг малака оширишдан ўтиши шартлиги белгилаб қўйилсин:
юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари — икки йилда бир марта;
автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар — маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача. (Саволга жавобан малака ошириш шартлиги тушунилади).
Мазкур қарорнинг 2-иловасидаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча”га мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 22-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
- Қуйидагилар: юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар (якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида автотранспорт воситаларини бошқараётган жисмоний шахслар бундан мустасно) икки йилда бир марта; (бу бандда ҳам малака ошириш шартлиги тушунилади).
Энди (мурожаатчи ҳайдовчи тушунарлироқ бўлиши учун қисқароқ қилиб) “Йўл ҳаракати қоидалари” ва қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни келтириб ўтамиз.
Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 7-бандига асосан транспорт воситасининг ҳайдовчиси ички ишлар органлари ходимлари талаб қилганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда — ҳайдовчилар малака оширгани тўғрисидаги сертификатини текшириш учун тақдим этиши шарт. (Бунда ҳайдовчиларнинг ихтисослиги аниқлаштирилмаган ва малака ошириш шартлигига ишора қилинади)
2019 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ, (135-модда) …юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жаримага солишга сабаб бўлади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач мазкур банди (2019 йил 4 августдан) амалда қўлланилиши белгиланган.
Биз, бу саволлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Матбуот хизмати вакилига ҳам мурожаат қилдик. Ҳозиргача уларнинг маълумотидан дарак бўлмагач, (масъул ходимларнинг бусиз ҳам ишлари кўплигини инобатга олган ҳолда) қарор ва қонун талабларини ўзимиз ўрганиб, мурожаатчиларга хулосамизни етказишга ҳаракат қилдик.
Иккита мурожаат бўйича битта хулоса
Бизнинг бу қадар узун матнларимиздан юқоридаги мурожаатчилар ва зукко муштарийлар ҳам фикри чалғиб, қарор ва қонунда келтирилган талабларга кўра “юридик шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарадиган барча ҳайдовчилар малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатни олиши шарт”, деган хулосага келган бўлишлари тайин. Негаки, бир ўқишда шундай тушунилади. Биз, нима учун аҳоли ўртасида бу ҳолат икки хил тушунча шакллантирганини инобатга олиб, қарор ва қонуннинг ҳар бир банди, жумласини ўрганишга ҳаракат қилдик. Ўрганишларимиз натижасида ҳуқуқий экспертликка даъвогарлик қилмаган ҳолда қонун талаблари икки хил талқин қилинаётгани юқоридаги мурожаатларни келтириб чиқармоқда, деган фикрдамиз.
Гап шундаки Вазирлар Маҳкамасининг 139-сон қарорига ҳам Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир неча маротаба ўзгартишлар киритилишига қарамасдан ҳали ҳам оддий халққа содда, тушунарли тилда баён қилинмаганлиги учун икки хил талқин қилинмоқда.
Масалан, қонунда “юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати” дейилади. Ўйлашимча, мазкур банд қонунчилик техникаси жиҳатидан тўғридир, аммо “йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг”, дея алоҳида таъкидланиши оддий ҳайдовчи учун, бу талаб юридик шахслар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг барчасига эмас, фақат юк ёки йўловчи ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларига тегишли бўлса керак деган маънони ҳам англатиши мумкин.
Президентимиз жорий йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида депутатларга қарата “Сизлар тарихий даврда тарихий депутатлар бўлиб сайландиларингиз. Бунга ҳар куни, ҳар дақиқа муносиб бўлишингиз, халқчил қонунлар қабул қилиб, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишингиз керак”, деган эди. Ўйлаймизки, эндиликда қонунлар халқчил бўлса, яъни оддий халқ бир ўқишда тушунадиган, содда тилда баён қилинса, юқоридаги каби икки хил талқин қилиш ҳолатлари ҳам камаяр эди.
Аммо, нима бўлганидаям бугун амалиётда муаммо ва тушунмовчиликлар борлиги аниқ. Мавзу долзарб. Шу боисдан ҳам мутасадди ташкилотлардан ушбу масалага доир батафсил маълумотларни кутиб қоламиз.
Тегишли қарор ва қонун ҳужжатлари асосида
журналист Ғайратжон ОТАЖОНОВ
тайёрлади.