Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида Нукус шаҳрида 42 та оила янги уйга эга бўлди. Президентимизнинг 2018 йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунадаги лойиҳалар бўйича арзон турар жойлар ва шаҳарларда арзон кўп хонали турар жойлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу хайрли ишда муҳим омил бўлди.
Хусусан, илгари Нукус халқаро аэропортининг меҳмонхонаси сифатида фойдаланилган, кейинчалик бўш ва қаровсиз қолган бинода 1 миллиард 900 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, яшаш учун барча қулайликлар яратилди.
Янги уйларни фойдаланишга топшириш муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов барчани мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан қутлар экан, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини алоҳида таъкидлади ҳамда янги хонадонларнинг калитларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Айтиш жоизки, Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан тузилган махсус комиссия ўрганиши натижасида қабул қилинган қарорга кўра, мазкур уйлар ногирон, камтаъминланган, боқувчисини йўқотган, илгари бошпанаси бўлмаган инсонларга бепул туҳфа этилди.
— Кўп йиллардан буён фарзандларим билан ижарада яшаб келдим, — дейди Илмира Абсаметова. — Бир ўғлимнинг ногиронлиги сабабли унинг парвариши билан банд бўлдим. Бугун яхши инсонларнинг ғамхўрлиги туфайли янги уй берилди. Қувончимизнинг чеки йўқ. Бунинг учун энг аввало Президентимизга минг ташаккур дейман.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.