Энг улуғ байрамимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги қалбимизни чексиз қувонч туйғуларига буркамоқда. Халқимизнинг улуғ фазилатларидан бири – байрамларни меҳнатда катта зафарлар ҳамда республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида аҳамиятли вақеалар билан кутиб олиш анъанаси мустақиллик байрами арафасида ҳам давом қилмоқда.
Яхши биламизки, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз яратиб берган имкониятлар натижасида юртимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга ошрилмоқда. Бу эзгу ишларда фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг хизматлари муносиб баҳоланмоқда.
30 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра фахрий унвонлар, орден ва медалларга муносиб деб топилган инсонларга, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига мувофиқ давлат мукофотлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланганларга мукофотларни тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни мустақиллигимизнинг 27 йиллиги билан қутлади. Таъкидланганидек, яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ўрнатилиб, 55 метр юксакда ҳилпирагани барчамизга қувонч ва кўтаринкилик бағишлади. Байроқлар бутун халқимизни поклик, садоқат, тинчлик, янгиланиш каби хайрли ишлар атрофида жипслаштиради.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари одамларнинг турмушидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Хусусан, биргина жорий йилда Инвестициявий дастур асосида 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 326 ижтимоий ва инфра тузилма объектларида қурилиш ва реконструкция, шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда 70 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига “Нукус халқаро аэропорти” йирик таъмирланиб, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаётганини фахр билан таъкидлаш мумкин. 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ҳисобидан Ёш томошабинлар театрининг иморати янгидан қурилиб, халқимиз ва ижодкорлар учун барча қулайликлар яратилгани, 14 миллиард сўм йўналтирилгани 250 ўринли хотин-қизлар “Мурувват уйи” фойдаланишга топширилгани халқимизга байрам арафасида катта туҳфа бўлди. Шу билан бирга республикамизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган хайрли ишлар халқимизнинг манфаати, фаровон турмуши учун хизмат қилаётгани аҳамиятлидир.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганларни чин қалбдан қутлаб, уларга мукофотларни тантанали равишда топширди.
Мукофотланганлар номидан Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри актёри Л.Халқназарова, Қорақалпоғистон Республикаси Эндокриналогия диспанцери бош шифокори С.Назарова, Нукус давлат педагогика институти Қорақалпоқ адабиёти кафедраси раҳбари К.Алламбергенов ва “PANA MILK” масъулияти чекланган жамияти раиси И.Панаевлар сўзга чиқиб, меҳнатларини муносиб баҳолагани учун мамлакатимиз Президентига, республика раҳбарларига ўз миннатдорликларини изҳор этишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев иштирок этди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.