Меҳр-ила яратилган миллий ва замонавий либосларга қараб кўзинг қувнайди. Ажиб бир гўзаллик, нафосат ва рангин жилолар билан безатилган бу либослар ҳар қандай аёл-қизнинг хуснига хусн, чиройига чирой қўшиши тайин. Шунингдек, қорақалпоқ халқининг миллий қадриятлари, анъана ва дастурлари мужассам уларда.
Дилноза Адилчаева томонидан яратилган миллий ва замонавий либослар ана шундай таъриф ва таҳсинга сазоварлигини кўпчилик юртдошларимиз эътироф этишади.
Д.Адилчаева болаликданоқ миллий ҳунармандчиликка қизиқди. Қунт билан касбнинг сир-асрорларини ўрганди. Ана шундай интилиш ва иштиёқ уни ёш бўлишига қарамай, ҳунармандчилик билан шуғулланишига туртки бўлди.
Дилноза бир қатор республика ва мамлакат босқичидаги кўрик-танловлар ҳамда фестивалларда муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган анъанавий “Ташаббус-2016” кўрик-танловининг мамлакат босқичида “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси ғолиби бўлди. “Менинг бизнес ғоям” танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, диплом билан тақдирланди. Анъанавий тўқимачилик фестивали “Атлас байрами”да ҳам ўзи яратган либослари билан муваффақиятли иштирок этди. I-Халқаро бахшичилик санъати фестивалида фаол иштирок этгани учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ташаккурнома билан тақдирланган. Дилнозанинг ютуқлари кўп. Эътиборлиси, бу ютуқ ва муваффақиятлар ёш ҳунарманднинг интилиш ва изланишлари, меҳнатларига берилган юксак баҳодир. Д.Адилчаева Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан таъсис этилган тасвирий ва амалий санъат фестивалида Олтин медал билан тақдирланди. Шунингдек, “Йил талабаси 2019” танловининг мамлакат босқичида “Йилнинг энг намунали тадбиркор талабаси” номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.
Д. Адилчаева ҳозирги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қарақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг 3-босқичида таҳсил олмоқда.
— Бугун Президентимиз томонидан ёшларга жуда катта эътибор ва ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани аҳамиятлидир. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил қилинган спорт секциялари, турли фан клублари, тўгараклар ҳам уларнинг билимларини мустаҳкамлашда муҳимдир. Мен ҳам мана шундай имкониятлардан муносиб фойдаланиб миллий ҳунармандчилик билан шуғулланмоқдаман. Келажакдаги мақсадларим катта, — дейди Дилноза биз билан суҳбатда.
Мазкур олийгоҳда Дилноза каби интилувчан, фидойи, зийрак талабалар бисёр. Дилноза ҳам келажакда ўзи яратган миллий либослари билан янада юксак марраларни забт этишига ишонамиз.