Аёл, она чинакам меҳр булоғи. Шоирларимиз “Оламда аёл мадҳига достон тугамайди” дейишади. Дарҳақиқат, Яратганнинг энг буюк мўъжизаси бўлган аёл, она сиймоси кўнглимизни чароғон, уйимизни нурафшон айлайди. Аёлларимизнинг гўзал сийратию-суратини таърифлашга баъзан тилимиз, баъзан қаламимиз ожизлик қилса ҳам дилимизда улуғ калом янграйверади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизлар иштироки тобора ортиб бормоқда. Мана шундай фаол, олима аёллардан бири Ажаргул Мамбетшериповадир.
Техника фанлари бўйича философия доктори, доцент А.Мамбетшерипова айни дамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Саноат технологияси кафедраси раҳбари лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Техника фанига қизиққан қаҳрамонимиз ўқиб-ўрганишни, илм йўлида изланишни канда қилмади.
-Техника фани айнан йигит кишиларга хос мутахассислик, касбнинг сир-асрорларини тушуниш ва уни ёшларга етказиб бериш қийинчилик туғдирмайдими, деган саволлар билан менга кўпчилик мурожаат қилади. Аммо, биласизми, инсон ўзи қизиққан, яхши кўрган касбида меҳнат қилса, бу унинг ўзига ҳам, оиласига ҳам катта муваффақият, бахт, қувонч олиб келади.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномаси фаолиятимиз давомида катта дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Мурожаатномада барча соҳалар каби илм-фанни ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётга алоҳида урғу берилган. Мурожаатномада қайд этилганидек, “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”. Шунингдек, Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик-бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос-бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик-бу билимсизликдир”.
Демак, инсон қачонки илм-маърифатли, маънавиятли бўлсагина кўзлаган мақсадига эриша олади. Фаолиятимиз ёшлар билан боғлиқ бўлганлиги боис, уларнинг янада кўпроқ ўқиб-ўрганиши, изланиши, олган билимларини амалиётда қўллашлари, илмий изланишлар олиб боришлари учун имкониятлар яратишга ҳаракат қиламиз.
Мурожаатномада илгари сурилган “Жамият-ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя бугун ҳар биримиздан янада фаол, ташаббускор ва янгича фикрлашни, замон билан ҳамнафас яшашни талаб этмоқда. Айниқса, бу борада биз таълим-тарбия бераётган ёшлар- ислоҳотлар ташаббускори бўлиб майдонга чиқишлари шарт, — дейди А.Мамбетшерипова.
1992 йилда Бухоро технология енгил саноат институтини тамомлаган А.Мамбетшерипова бир қатор таълим муассасаларида ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритди.
2012 йилдан эса Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида иш бошлаганди. 2007-2019 йилларда ЎзҚХМИ, сўнгра Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтининг “Қишлоқ хўжалиги машиналари” кафедрасида “Минерал ўғитларни сепадиган марказдан қочирма аппаратнинг технологик жараёнини такомиллаштириш ва параметрларини асослаш” мавзусида илмий изланишлар олиб борди ҳамда 2019 йилда техника фанлари бўйича докторлик (PhD) ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.
А.Мамбетшерипованинг илмий ишлари самарадорлиги назарий ва амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. У фаолияти давомида мамлакат ва хорижий журналларда 48 та илмий мақола, 4 та ўқув қўлланма ҳамда монография чоп этишга эришди. Мамлакат миқёсидаги Конференцияларда илмий мақолалари билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, И.Каримов номидаги Техника университети ҳузуридаги кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўз малакасини оширди.
— Маълумки, мамлакатимизда олий таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим сифатини ошириш, олимлар, профессор-ўқитувчиларнинг чет элда илмий изланиш ва малака оширишлари, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари миқдорини кўпайтириш, айниқса қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши борасида амалий чоралар кўрилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, ёшларимизнинг етук кадрлар бўлиб шаклланиши йўлида қилинаётган амалий саъй-ҳаракатлардир, — дейди суҳбатдошимиз А.Мамбетшерипова.
Дарҳақиқат, ўз самимийлиги, талабчанлиги ва ишга бўлган масъулияти туфайли талабалар ҳамда касбдошлари орасида ҳурмат қозонган А.Мамбетшерипованинг келгусидаги мақсади илмий ишларини давом эттириб, техника фанининг янада равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшишдир.
Демакки, А.Мамбетшерипова каби ташаббускор, олима аёлларимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бораверади.