Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро
хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглагандан сўнгги ўйлар
«Оналаримиз шарофати билан Ватанимиз тупроғи жаннат боғларидек гўзал ва мўътабардир. Оналар дуосидан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ишимизда унум, ҳаётимизда барака бор».
Муҳтарам Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида меҳр-муҳаббат билан эътироф этилган ушбу сўзлар кўнглимизни тоғдай кўтариб, дарёдай тошириб юборди. Давлатимиз раҳбарининг сермазмун, меҳр ва эътибор билан миллатимиз шаъни бўлган оналарнинг қадр-қимматини янада юксакларга кўтарган нутқидан қаддимиз тик, кўзларимиз равшан, ақлимиз тиниқ, эртанги кунга, фарзандларимиз камолига бўлган ишончимиз янада ортди.
Беихтиёр кўнгилга шундай сатрлар қуюлди:
Мен Онаман ўғлимдаман, қизимдаман,
Шу хуш айём гўзал Тошкент-азимдаман.
Халқ ишончи, меҳрига минг қарзидаман,
Президентим, ҳур Ватаним, бизга берган
–Меҳру-иззат, қадр-қиммат, ҳур бахт учун,
Бошим тупроққа теккунча таъзимдаман.
Шеърий сатрларга қўшилиб кўзларга бахт ва қувонч ёшлари ҳам қуюлади. Гўзал айём–аёл– қизлар байрамига шукуҳ бағишлаб барча аёл-қизлар кўнглида ҳам шундай баҳорий эътирофлар, орзулар, бахтдан мамнунлик барқ урди.
Президентимиз нутқини тинглар эканмиз, юртимизда кейинги уч йилда аёлларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ортганини, улар ўзлари меҳнат қилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигига дахлдор бўлаётганини, буни ўзлари учун шараф деб билаётганлигини чуқурроқ ҳис қилдик. Буни рақамлар сўзлади, барча соҳалардаги ислоҳотлар самараси исбот қилди. Байрам дастурхони атрофида жамланган, янада гўзал бўлиб байрамга келган – Сенаторлар, Депутатлар, фан докторлари, фан арбоблари, санъатимиз юлдузлари, шифокор, ўқитувчи, иқтисодчи, қурувчи, муҳандис, тадбиркор аёл-қизларнинг ишонч тўла нигоҳлари тасдиқлади.
Президентимиз «Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, – шунга эътибор беришингизни сўрайман – бундан 5 йил аввал биз бу борада 128-ўринда эдик» деганларида кўнгилларимиз, орзуларимиз дунёлар билан бўйлашди.
Мен Қорақалпоғистонимизни кўз олдимга келтирдим. Байрам шодиёналарида бевосита иштирок этаётган, зангори экран қаршисида давлатимиз раҳбарининг кўнгилларга кўтаринкилик бахш этувчи нутқини катта эътибор ва диққат билан тинглаётган қорақалпоғистонлик аёл-қизларни ўйладим.
Қорақалпоғистонда ҳам маҳаллий кенгашларга 160 нафар аёл-қизларимиз депутат бўлиб сайландилар. Уларнинг сони Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 20 нафарни ташкил қилади. 2 нафар аёл-қиз Олий Мажлис Сенати аъзоси, 3 нафари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан Орол денгизи инқирози муаммолари бартараф этилаётгани, қайтиб кетган Орол денгизи ўрнида янги ҳаёт барқ уриб, яшил ўрмонзорлар бунёд бўлаётгани, қадим қорақалпоқ халқининг Орол денгизи соҳилларида бунёд қилган, мустабидлик йилларида инқирозга юз тутган Мўйноқнинг янгидан, қайта барпо қилингани, замонавий миллий лойиҳаларда бўй тиклаган бино ва иншоотлар, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳалари учун хизмат қилаётган муҳташам саройларнинг қад ростлаб тургани яйраб, яшнаб, фарзандлари бахтидан қувониб яшаётган мўйноқлик оналар, катта ҳаётга энди қадам қўйиб, ўзларига янги мақсадлар йўлини очаётган Қорақалпоғистоннинг зукко қизлари Президентимизнинг меҳр эътиборидан кўнгиллари тўлган. Улар бахтли келажагига жуда ишонадилар.
Айниқса, улар давлатимиз раҳбарининг 8 март байрамидаги тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек «Албатта, ёш қизларимизни асраб-авайлаш, уларга тўғри тарбия бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, халқимизга муносиб фарзандлар этиб камолга етказиш учун давлат ва жамият ўз зиммасидаги барча ишларни бажаради. Лекин бу ўта муҳим вазифани адо этишда оиланинг, меҳрибон бувиларимиз, мунис оналаримиз, маҳалладаги кайвони аёлларнинг ўрни ва таъсирини ҳеч ким босолмайди».
Президентимиз биз оналарга ишониб, устувор вазифаларни белгилаб бераётган эканлар, албатта қизларимизни турмушга тайёрлашда, уларни иболи, ҳаёли, зукко, сабр иродали, билимли, меҳрли ва эътиборли бўлиб тарбия олишлари учун қилинаётган барча ишларда давлатимиз раҳбарига камарбаста бўламиз.
Юртимизда аёл-қизларга берилаётган эътиборнинг ортиши ислоҳотлар самарасида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.
Ҳозирги вақтда аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарсага қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. 1995 йил 6 майда мамлакатимиз 1979 йил 18 декабрда Нью-Йоркда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, 1997 йил 30 августда Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенцияларга қўшилди.
Ўтган икки йилда халқаро андозалар талаблари доирасида аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган ва ижрога қаратилган. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, у хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиши белгилаб қўйилди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.
Хотин-қизларимизга катта ишонч билдирилиб, улар туманларга ҳоким қилиб тайинланмоқда.
Аёл қизларимизнинг жамиятдаги, оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш учун фарзандларимизнинг болалар боғчаларида тарбияланишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек: «Боғча тарбияси нафақат боланинг ўзига, балки унинг ота-онасига ҳам, қолаверса, бутун жамият ҳаётига ҳам кучли ижобий таъсир кўрсатади. Боласи боғчада, муносиб шароитда тарбия топаётганини кўрган аёл киши албатта хотиржам кайфиятда, шукроналик билан яшайди».
Президентимиз қизларнинг ўқимишли бўлиши, олий ўқув юртларида таълим олишига ҳам катта эътибор билан қараяптилар. Қизларимизнинг олий ўқув юртига кириб, ўқишлари учун алоҳида имтиёзлар яратилиши тўғрисидаги кўрсатмалари фикримизнинг далилидир. Шу ўринда Президентимизнинг яна бир муҳим масала тўғрисида олдимизга қўяётган устувор вазифалари яъни камбағалликни қисқартириш учун биринчи навбатда ишсизликни камайтириш керак. Аввало, аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда, айниқса аёлларимизда тадбиркорликка иштиёқни уйғотиш зарурлиги ҳам қизларимизнинг билим олиши, ўқимишли бўлишига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.
Шунингдек, Президентимиз халқимизнинг азалий қадриятларидан бир кўриниши саналган кечиримлилик, яъни билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганларни, айниқса аёлларни авф этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса ушбу шукуҳли байрам кунларида давлатимиз раҳбарининг бир гуруҳ маҳкума аёлларни авф этиш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб тузалиш йўлига қатъий ўтган 83 нафар хотин-қизларнинг авф этилши миллатимизга хос бағрикенликнинг намунасидир.
Мана шундай байрамона, шукуҳли кунларда уларнинг ўз оилалари бағрига қайтиб келишларида катта маъно бор. Улар энг аввало она! Оналик бурчи-энг шарафли ишдир. Мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Янги тизим –Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг фаолият бошлаётгани, 22 мартнинг «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб белгиланганлиги –фуқаролар истиқомат қилаётган, уларнинг қувончи ҳам, қайғуси ҳам бир бўлиб кетган маҳалладаги дўстона муҳит, ўзаро биродарликда, ҳамкорликда умргузаронлик қилишга катта йўл очади, одамларнинг кайфиятини кўтаради.
Бу йилги байрам мана шундай хуш кайфият, янги умид ва мақсадларнинг ойдин йўлларини очиб берди. Давлатимиз раҳбарининг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотига муносиб эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, юртимизнинг иқтисодий қудрати ва жаҳон миқёсидаги мавқеини юксалтириш борасидаги улкан хизматларини муносиб қадрлаш мақсадида ҳамда оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ишларига қўшган катта ҳиссаси, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги самарали меҳнати билан ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланиши барча оналар, аёл-қизларни чексиз қувонтирди.
Улар орасида қорақалпоғистонлик «Тахиатош иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятидан кимё цехи бошлиғи Бабажанова Зулфия Реймбаевна «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмасининг «Мухаллес» дуторчилар ансамбли бахши-созандаси Сабурова Инжигул Жумабаевна II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан, Мўйноқ туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Жолимбетова Айтгул Аймбетовна «Дўстлик» ордени билан, Нукус шаҳридаги «Жайҳун универсал курилиш» масъулияти чекланган жамияти кран машинисти Турдимуратова Айнур Бахтибаевна «Шуҳрат» медали билан мукофотландилар.
Халқимиз Президентимизнинг қорақалпоқ юртига бўлган катта меҳр ва эътибори, ғамхўрликларидан жуда миннатдор. Халқини севган, халқи севган Президентимиз Халқаро хотин-қизлар байрамида ҳам яна бир марта қорақалпоқ санъатига, устозларга, ишчи-хизматчиларга катта эътибор қаратди.
Қорақалпоқ давлат университетининг 1-босқич магистранти Ибрагимова Назокат Мухтаровна, Нукус давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси Нуратдинова Динара Елубай қизи Президентимиз қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олишга муяссар бўлдилар.
Давлатимиз раҳбарининг «Ушбу шукуҳли айёмда бутун халқимиз дилидаги эзгу тилакларни мужассам қилиб, айтмоқчиман: янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги фидокорона меҳнатингиз учун Сизлардан чексиз миннатдормиз.
Ақл-заковатингиз, меҳр-оқибатингиз, сабру қаноатингиз билан барчамизга ибрат бўлиб, гўзал юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётганингиз учун Сизларга минг бора ташаккур», деб меҳр билан билдирган тилаклари ҳар бир онанинг, аёл-қизларимизнинг қалбига қувват, орзу-мақсадларига қанот, сабр-иродаларига матонат бахш этиши шак-шубҳасиздир.
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.