Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанали тадбирдаги табрик сўзи


Ассалому алайкум, азиз оналар!

Қадрли аёл-қизлар!

Энг аввало, Сизларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан баҳор фаслининг илк байрами, ўзида гўзаллик туйғуларини, яхши ният ва эзгу мақсадларни мужассам этган ажойиб айём – 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий қутлашга ижозат этгайсизлар.

Барчангизга маълумки, халқимиз азалдан гўзаллик тимсоли бўлган азиз оналар ва дилбар қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, уларни фидойилик, меҳр-мурувват, ҳаётимиз давомчилари ҳамда бетакрор назокат ва гўзалликни ўзларида мужассам этган нозик хилқат сифатида асраб-авайлаб келган.

Шу боис ҳам бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш – бу давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Барчамизга малумки, муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида бу йил хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи янги бос­қичларга кўтарилишини алоҳида таъкидлади. Жумладан, 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 100 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар бериш, олий ўқув ­юртларида қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларимиз учун муҳим 5 та ташаббус асосида қисқа ўқув курсларини ташкил этиш, бундан ташқари, хотин-қизларимизнинг янги турар жойлар олиши учун бошланғич тўловларни бюджет ҳисобидан тўлаб бериш каби жуда муҳим масалаларга эътиборимизни қаратди.

Бу энг аввало, оналаримизга, опа-сингилларимизга, дилбар қизларимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин кўринишидир.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Ҳозирги глобаллашув даври халқимиз, шу жумладан, хотин-қизларимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини янада оширишни талаб этмоқда. Бунда албатта, уларнинг чуқур билими, бой ҳаётий тажрибаси, замонавий фикрлаш дунёси билан эл-юрт тақдирига масъулияти, хал­қимизга, она Ватанимизга фидойилиги муҳим аҳамият касб этади.

Шуни фахр билан таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хотин-қизларимиз турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Айниқса, халқимиз ишончини қозониб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 160 нафарга яқин депутат хотин-қизларимизнинг фаолият олиб бораётгани, шунингдек, 15 нафар фан доктори, 180 нафарга яқин фан номзодларининг ёшларимизга устозлик қилаётгани, мактабгача таълим соҳасида 12 минг нафардан ортиқ, халқ таълими соҳасида 27 мингдан зиёд, соғлиқни сақлаш соҳасида 14 минг нафарга яқин, маданият ва спорт соҳаларида 1,5 мингдан ортиқ, тадбиркорлик соҳасида 7 мингдан зиёд хотин-қизларимизнинг меҳнат қилаётгани уларнинг чин маънода ижтимоий-сиёсий, иқтисодий соҳаларда ҳал қилувчи кучга эга эканлигини яна бир бор  исботлайди.

Албатта, тинч-фаровон юрт­да тараққиёт бўлади, одамлар янгиланиш, бунёдкорлик, яхши ниятлар билан яшайди. Ўтган йиллар давомида ўзларининг ноёб истеъдоди, чуқур билими ва иқтидори билан ажралиб турадиган 23 нафар қизимиз Зулфия номидаги давлат мукофотини олиш бахтига муяссар бўлди.

Шунингдек, жорий йил қорақалпоғистонлик 19 нафар хотин-қизларимиз «Мўътабар аёл» эсдалик нишонлари билан мукофотланди. Бундан ташқари байрам муносабати билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган асосий тантаналарда бир гуруҳ қизларимиз муҳтарам Президентимизнинг қўлидан Зулфия номидаги ва бошқа давлат мукофотларини қабул қилиб олиши кутилмоқда.

Хотин-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган бундай юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун Сизларнинг ва бутун халқимиз номидан муҳтарам Президентимизга минг-минг­лаб раҳматлар айтамиз!

Азиз оналар, муҳтарама аёл-қизлар!

Сизларни бугинги баҳор байрами, нафосат ва гўзаллик айёми билан яна бир бор табриклаймиз!

Илоҳим, ҳамиша ҳурмат ва эъзозда юриб, она-Ватанимиз, халқимиз, фарзандларимиз бахтига соғ-саломат бўлгайсизлар!