Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл!


Шу йилнинг 6 март куни Нукус шаҳридаги “Карвон сарой” ресторанида 8 март- Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб, “Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл!” номли тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг шаҳар ва туманлари, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари фаоллари, касб фидойилари бўлган хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни баҳор ва гўзаллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Таъкидланганидек, халқимиз азал-азалдан гўзаллик ва садоқат тимсоли бўлган азиз оналар ва дилбар қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, уларни фидойилик, меҳр-мурувват, ҳаётимиз давомчилари ҳамда назокат ва нафосатни ўзларида мужассам этган нозик хилқат сифатида ардоқлаб келган.

Шу боис, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хотин-қизларимиз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Айниқса, халқимиз ишончини қозониб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 160 га яқин депутат хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, 15 нафар фан доктори, 180 га яқин фан номзоди ёшларимизга устозлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ўзларининг ноёб истеъдоди, чуқур билими ва зийраклиги билан ажралиб турган 23 нафар қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти, жорий йили Қорақалпоғистондан 19 нафар хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Байрам олдидан давлат ва жамият ҳаётида фаоллик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати туфайли оилани мустаҳкамлаш ва фаровонлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ хотин-қизлар “Мўътабар аёл”, шунингдек, “Ардақлы ана”, “Ўатан пидайысы”, “°мит ушқыны” кўкрак нишонлари, Қорақалпоғис­тон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган эди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Мукофотланганлар номидан Нукус шаҳридаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Р.Жумабаева, Амударё тумани маҳалла фаоли, нуроний устоз Р.Раимова сўзга чиқиб, хотин-қизларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

— Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Бўзатов давлат Ўрмон хўжалиги “Наўпир” бўлими ўрмонбеги, “Шуҳрат” медали соҳибаси Тамара Карамова. — Жумладан, чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов туманининг қайта ташкил этилиши халқимизга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Туманимизда бугунги кунда кўпгина янги бинолар қурилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Йиғилганларга байрам дастурхони ёзилиб, санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.