Салом эрк эшигин очган улуғ кун,
Сенла инсон номи жаранглар баланд.
Кўп минг йиллик тарих турса ҳамки жим,
Унинг ҳар бетида Ватан сарбаланд.
Меҳр, қадр билан уйғонган саҳар,
Гулларга тўкади шаффоф, зар шабнам.
Обод бўлган йўллар, кўркам ҳар шаҳар,
Салобати буюк, улуғ, мукаррам.
Инсон дарди — ташвиши билан яшаш,
Умр йўлларида энг олий мезон.
Ҳар гўша яшарган, янги жаннатбахш,
Улғайиб, юксалар ҳур Ўзбекистон.
Инсон ўз бахтини эртага эмас,
Шу бугун кўришни қилади орзу.
Бағрикенглик билан бўлиб ҳамнафас,
Ҳар дилда тилаклар, дуолар эзгу.
Давлатнинг тақдири — элнинг шукуҳи,
Азму-шижоатли, қудратли ёшлар.
Орзу истагида Ватаннинг руҳи,
Янги мақсадида гуллайди тошлар.
Ҳар янги кунора бунёдкорлик бор,
Қадим замонларда қолди эртаклар.
Она алласидан меҳр беғубор,
Бўлиб қудрат ўтар маъсум гўдакка.
Умр йўлларида адашса инсон,
Кечирмоқ бизларга жуда ярашар.
Инсонни безовчи фазилат — ишон,
Миллат қадри билан мангуга яшар.
Покиза мақсад бор ҳар бир юракда,
Соғлом фикрлардан уйғонар шуур.
Биз юртни асраймиз ҳур келажакка,
Кўзларда сўнмагай шижоатли нур.
Биз жондай асраймиз ёшларимизни,
Баркамоллик учун, соғлом фикр учун.
Улар давом этар ҳур умримизни,
Куч-қудратга тўлар шижоат, кучи.
Салом янгиланган обод овулим,
Таъзимла эгилар сахий, бой боғлар.
Узумлар, оқ олма, тарвуз-қовуним,
Жаннатда ҳам йўқдир бундай гул чоғлар.
Президент қалбида халққа эҳтиром,
Инсонга муҳаббат, юртга садоқат.
Бунёдкор элда, ҳар дилда ҳур калом,
Фидолик, жасорат, азму-шижоат.
Президент янгидан очган ҳар йўлда,
Бизга ҳамкор дунёнинг ҳар давлати.
Янгиланган фикр, янги умр-ла,
Жаҳонда юксакдир юрт салобати.
Муборак, муқаддас бу улуғ айём,
Салом, мустақиллик, салом, ҳур ҳаёт.
Инсон бунча азиз, бунча мукаррам,
Юксал жаҳон ичра ақл, куч, сабот.
Мустақиллик йўли — мангулик йўли,
Бу йўлда эл юкин ортган карвоним.
Узатса етти иқлимга етади қўли,
Юксал, ҳур давлатим Ўзбекистоним!
Гулистон МАТЁҚУБОВА
Қорақалпоғистон халқ шоири.