«СУВЧИЛАР БОҒИ» БАРПО ЭТИЛДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Нукус шаҳри яқинида жойлашган гидротехник иншоотлар атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

— Ҳашар давомида “Қизкеткен-Кегейли” ирригация тизимлари бошқармасига қарашли диспетчерлик хизмати биноси атрофида янгидан боғ барпо қилиш режаси бор эди.

Узоқ йиллар давомида шу ерда диспетчерлик  хизматини олиб бордим, — дейди  “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” Муратбай  оға Калмуратов.  — Бу жойда олдин ҳам боғ бор эди. Аммо, бугунги кунга келиб, эски боғ самарасиз ва кўпчилик дарахтлар қуриб, кўримсиз аҳволга келиб қолган эди. Мана бугун сувчилар ўз қўллари билан 0,6 гектар майдонда янгидан боғ барпо қилмоқдалар. Янги боғ учун 200 тупдан ортиқ мевали дарахтлар экилаётган бўлса, диспетчерлик хизмати биноси атрофига 200 туп игна баргли манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда.

Ҳашарчилар ғайрат ва шижоат билан ишладилар. Тушликда уларга шу ернинг ўзида ош пиширилиб тортилди. Ҳамма яна эзгу иш, боғ яратишга киришди.

Рости олдинлари ҳашарга чиққанлар ишни қўл учида бажаришаётганига кўп гувоҳ бўлардим. Бугунги ҳашар иштирокчилари ҳақиқатан чин кўнгилдан ишлашар эди. Кўчатлар номига эмас, чин кўнгилдан «Яхшидан боғ қолади» ибратли нақлига амал қилиб, экилаётгани ҳар бир ҳашарчининг ҳаракатида яққол сезилиб турарди. Жамоа аъзолари кўчатларни парваришлаб, ўсиб ривожланишини таъминлашини айтиб,  ҳар бир жамоа ўзлари эккан кўчатларга рамзий номлар ҳам қўйишди.

Эътиборлиси, вазирлик тасарруфидаги жамоаларнинг оғизбирчилик, ҳамжиҳатлиги натижасида янгидан  барпо қилинган «Сувчилар боғи» Наврўз ва 22 март — Бутунжаҳон сув кунига муносиб совға бўлди.

Ғ.Отажонов.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.