Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши билан халқимиз учун синовли давр бошланди. Президентимиз коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга қилган мурожаатида: «Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур», деган эдилар.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг бу борадаги кўрсатма ва топшириқлари ҳамда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борадаги ишларни тизимли ва самарали ташкил қилиш, халқимиз орасида тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Республика халқига мурожаати» эълон қилинди. Президентимизнинг бу борадаги халқимизга мурожаати ва берган алоҳида топшириқларидан келиб чиқиб йўлланган мазкур мурожаат айни даврда ўзбек ва қорақалпоқ тилларида маҳаллий ОАВ, хусусан маҳаллий теле ва радио каналларда ҳамда расмий веб-сайтлари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда.
Унда таъкидланишича, соғлиқни сақлаш муассасалари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари бинолари ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва дорихоналардаги санитария-гигиеник воситаларининг нархлари ошиб кетишининг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда.
Махсус 34 отряд томонидан ҳар куни 2 мингдан ортиқ йўловчи ташувчи транспортлар дезинфекция қилинмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда аҳоли кўп йиғиладиган мингдан зиёд жойлар дезинфекция қилиб борилмоқда.
Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ҳам бу борада барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Сув хўжалиги вазирлигининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларига кўра вазирлик биносига кириш қисмлари, раҳбарият хоналари, йиғилиш заллари ва фоеларни антибактериал, антисептик воситалар билан узлуксиз таъминлаш ишлари йўлга қўйилмоқда. Бинога ҳимоя ниқобисиз кириш, мулоқотда бўлиш таъқиқланиши, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш кераклиги ҳақидаги пешлавҳалар керакли ўринларга илиб чиқилди. Ҳар куни иш вақти тугагач вазирлик биносида тегишли ташкилотлар билан тузилган шартнома асосида дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, вазирлик тизимида кўп сонли ходимлар иштирокида йиғилишлар ўтказиш ҳам тўхтатилди. Лекин бу тизимдаги иш самарадорлигига салбий таъсирини кўрсатмаяпти. Негаки, ҳудудий бошқармалар ва масъул ходимларга ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда тегишли топшириқлар берилмоқда.
Албатта, юртимизда эълон қилинган карантин тадбирлари Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг асосий ишлари, яъни деҳқон-фермерларимизга сув етказиб бериш ишларига ҳалақит бера олмайди. Улар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз ишларини бажармоқдалар. Зеро, сув — ҳаёт манбаи, дея эътироф этилиши бежиз эмас. Сувчиларимиз ҳосилдор ерларимизга оби -ҳаётни етказиш ишларини жадал давом эттирмоқда. Бутун халқимиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилса бу синовли даврлар албатта, хайрли якун топади.
Ж.Узақов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири