Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 мартдаги «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди.
Янги механизм асосида – пенсия жамғармаси бўлимида ҳисобда турадиган пенсионерлар мониторинги жорий этилади. Ҳар ойнинг бошида бўлим бошлиғи (унинг вазифасини бажарувчи) мониторинг ўтказиш графигини тасдиқлайди. Мониторинг ҳар ҳафта камида 2 кун мобайнида (иш куни тартибини ҳисобга олган ҳолда) ўтказилади ва бир кунда 10 — 30 нафар пенсионерларни қамраб олади.
Мониторинг доирасида кўча ва участкалар бўйича бириктирилган масъул ходим ҳар бир пенсионер билан суҳбат ўтказади, натижаси бўйича анкетани тўлдиради. Унда, хусусан, пенсионернинг пенсия етказиб берилишининг ташкил этилиши ва банк филиалига нисбатан эътирозлари акс эттирилади.
Мониторинг давомида қуйидаги далиллар аниқланади:
-пенсионернинг тирик эканлиги;
-яшаш жойи ўзгарганлиги ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига доимий яшаш учун кўчиб кетганлиги;
-жазони ижро этиш муассасасида эканлиги;
-кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшаётганлиги;
-ишончнома орқали пенсия тўлови тўғри тўланаётганлиги;
-пенсия қайдномада кўрсатилган пенсионерга шахсан тўланаётганлиги.
Пенсия жамғармаси бўлими аниқланган фактлар юзасидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва тижорат банклари филиалларига камчиликларни бартараф этиш ва ўзлаштирилган маблағларнинг ёки ноқонуний тўланган маблағларни тиклашга оид зарур чора-тадбирларни кўриш учун хат юборади.
Шу билан бирга, ҳужжатда қуйидагилар белгиланди:
Биринчидан, пенсионернинг танловига кўра пенсия суммаси, бир вақтнинг ўзида пенсия тўловининг бир нечта шаклидан (нақд/пластик карта) фойдаланган ҳолда тўланиши мумкин. Яъни пенсиянинг бир қисми нақд пул билан тўланади, қолган қисми эса пенсионернинг пластик картасига ўтказилади. Бунда ушбу қисмлар нисбати ҳужжатда қайд этилмаган ва пенсия олувчининг аризасига кўра белгиланади. Тўлов шакли шахс тегишли ариза билан мурожаат этган ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (бажарилган ишлар далолатномасини) тақдим этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб ўзгартирилади ёки тикланади.
Иккинчидан, тўлиқ бўлмаган ой кунлари учун пенсия тўлови суммасини аниқлаш тартиби:
тайинланган пенсия суммаси тегишли ойнинг календарь кунлари сонига бўлиш йўли билан бир кун учун тўлов суммаси аниқланади. Бир кун учун тўлов суммаси пенсия тўлови амалга оширилиши лозим бўлган тегишли ойнинг календарь кунлари сонига кўпайтирилади;
Шунингдек, тартиб-таомиллар (қайдномаларни шакллантириш, жорий тўлов давридаги буюртмалар, пенсия ва нафақалар тўлови учун йўналтирилган мақсадли субвенциялар ва харажатлар тўғрисида солиштирма далолатномалар), шунингдек маҳкумларга пенсия тўлаш тартиби, манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тўлови Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан манзил-колония маъмурияти орқали маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Сейилбек Алламбергенов,
Бюджетдан ташкари Пенсия жамғармаси
Хўжайли тумани бўлими бошлиғи.