Жаҳоннинг кўпгина давлатларида аҳоли турар жойларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш долзарб вазифа бўлиб, бу борада ички ишлар органларининг куч ва воситаларини бевосита аҳоли пунктларига йўналтириш ва бошқариш, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлигини самарали ташкил этиш муҳимдир.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида маъмурий ҳудудларда жамоат тартиби ва хавфсизликни, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашни узлуксиз амалга ошириш имкониятига эга бўлган, халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятларига асосланган янги тизим – ички ишлар органларининг таянч пунктларига асос солинди. Таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий, моддий-техник ва кадрларга оид асослари, уларни бошқаришнинг ўзига хос тизими шакилланди. Бунинг натижасида таянч пунктлари аҳоли турар жойларида тинчлик ва осойишталикни, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминловчи асосий масканга айланиб, уларда ички ишлар органлари соҳавий хизматларининг ўзаро, давлат органлари ва муассасалари, жамоатчилик тузилмалари билан узвий ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Профилактика инспекторларини уй-жой, хизмат хоналари ва автомашиналар билан таъминлаш масалалари ҳал қилиб берилмоқда.
Шу билан бир қаторда ички ишлар органларининг таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштиришни амалга ошириш ва бошқариш соҳасида бугун ҳам амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар мавжуд бўлиб, таянч пунктлари фаолиятининг асосий йўналишлари, принциплари ва функцияларини аниқ белгилаш, улар фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-методик, моддий-техник жиҳатдан ва малакали кадрлар билан таъминлашни такомиллаштириш, соҳага илғор тажрибалар, иш усуллари ва инновацион технологияларни жорий этиш, таянч пунктлари негизида ўзаро мақсадли ҳамкорликни ташкил этишда жамоатчилик тузилмалари иштирокининг самарадорлигини ошириш, бу борада профилактика инспекторлари ва маҳалла вакилларининг масъулиятини ошириш, шулар жумласиндандир.
Ички ишлар органларининг таянч пунктлари – бу шаҳар-туман ички ишлар бошқарма (бўлим)ларининг белгиланган маъмурий ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузурликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида ички ишлар органлари тармоқ хизматларининг ҳамда улар билан давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган, узлуксиз фаолият кўрсатувчи асосий қуйи бўғин ҳисобланади
Маълумки, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол мулкини турли тажовузлардан ҳимоя қилишда марказий ички ишлар органлари таянч пунктларининг ўрни муҳим аҳамиятга эгадир. Фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг қуйи тизими ҳисобланган яъни, ички ишлар органлари таянч пунктларида хизмат фаолиятини олиб борувчи профилактика инспекторларининг халққа яқинлиги ва улар доимий равишда одамлар орасида бўлиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз самарасини бермоқда.
Ички ишлар органлари таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш тўғрисида фикр юритар эканмиз, бунда энг аввало улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб олсак, таянч пунктларининг инфратузилмаси такомиллаштиришга оид асосий чора-тадбирларни белгилашимизда, улар фаолияти самарадорлигини оширишда, ҳар бир таянч пунктининг жойлашган жойи шароитларидан келиб чиққан ҳолда ёндашишга ёрдам беради.
Ички ишлар органлари таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш тушунчаси – ваколатли органлар томонидан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш фаолиятида профилактика инспекторларининг иш шароитларини яхшилаш, яъни ички ишлар органлари таянч пунктларининг жойлашган биносидан то ўша таянч пунктида профилактика инспекторларининг фаолият юритиши учун зарур барча жиҳозлар ва шарт шароитлар билан таъминлаш фаолияти тушунилади.
«Ички ишлар органлари таянч пункти» — бу шаҳар туман ички ишлар бошқарма (бўлим)ларининг белгиланган маъмурий ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш ва ҳавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузурликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар билан доимо жонли мулоқотларни олиб бориш ва фуқароларнинг ўз ваколат доирасида мурожаатларини қабул қилиш борасида ички ишлар органлари тармоқ хизматларининг ҳамда улар билан давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган, узлуксиз фаолият кўрсатувчи асосий қуйи бўғин ҳисобланади.
Ички ишлар органлари таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштиришдан мақсад – аввало, профилактика инспекторларининг иш олиб боришлари шароитларини яхшилаш орқали, уларнинг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти самарадорлигини оширишдир. Маълумки ҳар бир соҳада ҳам фаолият олиб бориш учун зарур шароит ва керакли жиҳозлар етарли бўлса ўша ишдаги унумдорлик юқори даражада бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ички ишлар органлари таянч пунктлари инфратузилмасини такомиллаштириш орқали ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида сезиларли даражада муваффақиятларга эришиш мумкин бўлади ва шунинг учун ушбу вазифани тўлиқ амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Рамазан Базарбаев,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 3-курс курсанти.