збекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгач, кўп қиррали ҳаракат ва интилишларни ўз олдига мақсад қилиб олди. Бу мақсадлар доирасида айтиш жоизки, тарихда буюк ишларни амалга оширган аждодларимиз шаънига эҳтиром кўрсатилди.
Хусусан, 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилингани, Самарқанд шаҳрида бобомиз ҳайкалининг ўрнатилгани, унинг ёзган асарлари қайта нашрдан чиқарилиб китобхонларга тақдим этилгани ҳамда Ўзбекистон тарихи дарсликларига Темурийлар сулоласининг киритилгани улуғ бобокалонимиз шаънига ҳурмат ва эътиборнинг яққол далилидир.
Бизга тарихдан маълумки, бобомиз Амир Темур подшоҳ бўлиши билан бир қаторда, буюк ва енгилмас саркарда ҳам бўлган. У буюк саркарда сифатида, энг аввало, ўз армиясининг интизоми ва ҳамжиҳатлигига алоҳида эътибор қаратган.
Шунинг учун ҳам Темур тузган қўшин ўша даврнинг энг мукаммал, кучли армияси ҳисобланган. Унинг урушларда қўллаган жанг санъати, аскарларини қай усулда мукофотлаб, қай йўсинда жазолагани, давлатни бошқаруви тўғрисидаги оқилона фикрларни «Темур тузуклари» асари орқали билиб олишимиз мумкин.
Шу ўринда бобомизнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтишни жоиз топдик. «Бой мамлакатнинг навкари бақувват булур, навкари бақувват мамлакат бой булур».
Давлатимиз томонидан ёшларни юрт келажаги йўлида жон жаҳди билан курашадиган инсон қилиб тарбиялашда кўмак бўла оладиган, ҳарбий йўналишдаги мактаблар очилгани ва уларга «Темурбеклар мактаби» дея ном берилгани, Ўзбекистонимизнинг Темурийлар салтанати каби енгилмас ва ҳамжиҳат давлат эканидан ҳамда Амир Темур танлаган адолатли йўлдан бораётганимиздан далолат беради. Ушбу ўқув муассасаси очилгани ҳарбий бўлишга иштиёқи баланд бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналарини беҳад қувонтирди. Айнан ўзим қабул жараёнларини кузатиб шунга амин бўлдимки, ўқишга қабул қилинаётганлар аввало, жисмоний ва руҳий соғлом, билим савияси юқори ёшлардир.
Бундан кўриниб турибдики, келажагимизни ишониб топширадиган ўғлонлар жисмоний куч, ақлий тафаккурга эга бўлсалар, келажакда кўп нарсаларга эришиши мумкин.
Юртимизнинг ҳар бир ўғлони эртага ҳар қандай вазиятга тайёр тура оладиган, ватанимизга қарши ҳар қандай ёвга қалқон бўла оладиган, жасур юрт посбонлари бўлиб етишади, албатта.
Малоҳат Шамуратова,
Элликқалъа тумани 41-умумий ўрта таълим
мактабининг она тили ва адабиёт фани
ўқитувчиси.