ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ТЎЛИҚ ЕТКАЗИЛМОҚДА


Юртимизга коронавирус пандемиясининг кириб келиши муносабати билан карантин ҳолати жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, барча умумий овқатланиш, жумладан кафе, ошхона, чойхона ва бошқа бир қатор тадбиркорлик субьектлари фаолияти тўхтатилди. Фақат деҳқон бозорлари фаолияти давом этмоқда.

Биз, «Нукус деҳқон бозори» раҳбари Бахтияр Кучкаровдан ҳозирги вақтда бозорда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, коронавирус инфекция­сининг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот олдик.

— Бугунги кунда халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тўлиқ йўлга қўйилди, — дейди Б.Кучкаров. — Бу борада барча туманлардаги деҳқон-фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик қиладиган тадбиркорларнинг бозорга келиб, бу ердаги савдо ярмаркаларида ўзлари олиб келган маҳсулотларни энг арзон баҳода сотиши ташкил қилинган.

Ўрганишларга кўра ўртача 5 тонна картошка, 2 тонна пиёз, 1,5 тонна сабзи, 2,5 тонна ун, 0,5 тоннадан карам ва гуруч, шунингдек, 5 минг дона нон ва бошқа шу каби маҳсулотларга ҳар кунлик эҳтиёж борлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб, харидорларга маҳсулотлар тозалигича етказилиши учун уч-тўрт кунлик захира билан олиб келиниб, сотилиши йўлга қўйилган.

Ҳозир бозоримизга тадбиркорлик субъектлари томонидан 15 тонна картошка, 30 тонна пиёз, 25 тонна сабзи, 10 тонна карам, 6 тонна гуруч, 2 тонна буғдой, 30 тонна ун, 20 минг дона нон, 8 тонна макарон, 2 тонна мол гўшти, 8 тонна товуқ гўшти, 6 тонна пахта ёғи, 10 тонна ўсимлик ёғи олиб келинган. Халқни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун захирамиз етарли.

Коронавирус инфекциясининг олдини-олиш  мақсадида ҳар куни кечаси бозор ичида санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.

Соҳа ходимлари, ички ишлар, миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда бозорга келган фуқаролар орасида коронавирус инфекциясидан сақланиш, хавфсизликни таъминлаш борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

— Бизлар Хўжайли туманидан келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасида иштирок қилмоқдамиз, — дейди тадбиркор А.Иманалиев. —  Банан, олма, апельсин, иссиқхоналарда етиштирилган помидор ва бошқа меваларни белгиланган нарх­ларда сотиб, бозордаги нарх-навонинг барқарорлигига ҳисса қўшмоқдамиз. Ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар витаминларга бойлиги сабабли айни баҳор мавсумида жуда харидоргир бўлмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари бозорга келган барча харидорлар учун тўлиқ етказилмоқда.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.