Юртимиздаги уруш ва меҳнат фахрийлари Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони орқали ўзларига кўрсатилаётган эътибордан мамнун бўлмоқда.
Фармонга мувофиқ, бугун сафларимизда бўлган уруш фахрийларини эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида уларга ўн миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти берилиши белгиланган.
Нукус шаҳрида яшовчи 95 ёшли Назарбой ота Тажибоев ҳам Президентимизга кўрсатаётган бундай эътибори учун миннатдорлик билдирмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Назарбой ота 19 ёшида душманга қарши урушга отланган эди.
Уруш тугаганидан сўнг у ўзининг куч ва ғайратини илм-фан ва адабиётнинг ривожланишига сарфлади.
Назарбай отанинг меҳнатлари муносиб боҳаланиб «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони билан тақдирланди. Бундан ташқари, 2015 йилда «Қорақалпоқфильм» томонидан Назарбой ота Тажибоевнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланган «Оталар дуоси» номли ҳужжатли фильм тасвирга олинди.
Ҳозирги кунда у 40 нафарга яқин невара ва чевараларнинг меҳрибон буваси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.