Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси маълумотларига қараганда, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги мажлис баёнига мувофиқ, алоҳида топшириқ бўлгунга қадар юк автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши фақатгина қуйидаги давлат чегарадан ўтиш пунктлари орқали амалга оширилиши белгиланган:
Афғонистон Ислом Республикаси билан –“Термиз”;
Туркманистон Республикаси билан –“Олот”;
Тожикистон Республикаси билан — “Сариосиё”, “Ойбек” ва “Плотина”;
Қирғизистон Республикаси билан — “Дўстлик”, “Ўзбекистон”, “Водил”, “Чашма” ва “Оқ қия”;
Қозоғистон Республикаси билан –“Даўит ота”, “Гулистон”, “Яллама”, “Занги ота” ва “Тошкент”.
Коронавирус инфекцияси даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилда халқаро юк ташишни амалга оширишнинг вақтинча тартиби тасдиқланди.
2020 йилнинг 30 апрелидан республика ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест таҳлили олиниши ва касаллик аниқланмаган ҳолатда ҳаракатни давом этишга рухсат бериш амалиёти жорий этилди. Бунда халқаро ташишларни амалга оширадиган ҳайдовчилар фақатгина махсус комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплардан фойдалангандагина ҳаракатни давом эттириши мумкин эканлиги белгиланди.
Энди чегарага энг яқин жойларда (тест топшириш ва натижасини кутиш учун )махсус автомобиллар турар жойлари, шунингдек, экспортга юк олиш учун кутишга мўлжалланган автомобиль турадиган жойлар ташкил этилди.
Давлат божхона қўмитаси томонидан автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши, тўхтаб туриши (автомобиль турар жой, техник ва маиший хизмат кўрсатиш ва хакозо), озиқ –овқат маҳсулотларини харид қилиши мумкин бўлган жойлар кўрсатилган йўналишлар чизилмаси ишлаб чиқилди.
Икки ой муддатда халқаро автотранспорт воситалари ҳаракатланишини назорат тизимини (GPS трекер) жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.