Коронавирус пандемияси тарқалгани туфайли жорий этилган карантин шароитида озиқ-овқат тақчиллиги жиддий хавф туғдириши табиий. Амударё тумани бободеҳқонлари мўл-кўл ва хавфсиз озиқ-овқат, мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш йўлида фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Бозорларимиз турли сабзавотлар билан сероб.
Туманда ғалла парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳосил мўл бўлишини таъминлаш мақсадида барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмоқда.
Қангли овулидаги “Бегзод анишер” фермер хўжалигида ўтган йил кузакда 2020 йил ҳосили учун 13 гектар ерга яхши ниятлар билан буғдой экилган эди. Шу кунгача буғдой майсалари тўрт марта озиқлантирилди ва зарарли ҳашаротларга қарши ишлов берилди.
Хўжаликда айни кунларда буғдой парваришига алоҳида эътибор қаратилаётир. 13 гектарлик буғдойзорлардан қирмизи буғдой донлари хирмонга тўкиладиган кунлар эса жуда яқин.
Шу сабабли хўжалик ишчилари яқинлашиб келаётган буғдой ўрим-йиғими мавсумига пухта ҳозирлик кўришмоқда. Ўтган йили 13 гектар буғдойзордан 35 центнердан ҳосил йиғиштириб олинган эди. Бу йилги кўзланаётган марра эса ундан анча юқори.
Фермер хўжалигида 58 гектар пахта майдони ҳам мавжуд бўлиб, 30 ижарачига шартнома асосида бўлиб берилган. Уларнинг кучи билан барча экинлардан кўзланганидай ҳосил олинаётгани учун хўжаликнинг моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамланмоқда.
Ойгул Ражабова.