ХАЛҚИМИЗ МАШАҚҚАТЛАР ОЛДИДА ЧЕКИНМАЙДИ


БИЗ АЗМУ-ШИЖОАТЛИ, БУЮК ХАЛҚМИЗ, — деган эди Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида. Дарҳақиқат, тарих саҳифаларини варақласак, бунга жуда кўп далил ва исботлар топишимиз айни ҳақиқатдир.

Айниқса, кейинги ойларда  коронавирус пандемияси машаққатларини енгиб ўтишда халқимизнинг Президентимиз Мурожаатларига лаббай деб жавоб бериб, бир мушт бўлиб, бирлашиб кўрсатаётган матонати, ҳамжиҳатлиги, жипслиги эътирофга лойиқ. Карантиндан соғ-омон чиқиб, оилалари бағрига қайтаётган ҳар бир ватандошимиз ўз сабр-бардошини яна бир марта намойиш қилмоқда.

Табиат қийинчиликлари, турли кутилмаган офатлар халқимиз иродасини асло буколмаган.

Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги офат ҳам барча ҳамюртларимизни яна бир марта мардонавор ўзаро кўмакка, қўллаб-қувватлашга чақирди. 

Халқимиз Президентимизнинг нафақат мамлакатимиз тақдири, балки юртимизнинг ҳар бир фуқаросига бўлган меҳр ва ғамхўрлигини, эътиборини ҳар бир қилинаётган ишларда англаб, ҳис қилиб турибди.

Айниқса, сирдарёлик ҳамюрт­ларимиз Президентимизнинг зудлик билан воқеа содир бўлган жойга етиб боргани, ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ ва Бош Вазир раҳбарлигидаги барча ҳукумат аъзолари, раҳбарлар  рўй берган талафот оқибатларини бартараф қилишга киришганлигига гувоҳ бўлиб, бу ­вазиятдан ҳам омон-эсон чиқишларига қаттиқ ишонмоқдалар.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 15 май куни яна Сирдарё вилоя­тида бўлди. Ҳудуд аҳолиси билан учрашиб, ушбу синовли кунларни сабр бардош билан енгиш учун барча чора тадбирлар белгиланишини айтди.

Маълумки, ушбу фавқулодда вазият оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди. Шунингдек, 1 минг 781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етган.

Бу синов қаршисида халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги, меҳр-оқибати яна бир бор яққол намоён бўлди. Тезкор чора-тадбирлар натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро хавф­сиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Уларга биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бош­қа маҳсулотлар етказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, вазирлик ва уюшмалар, юртдошларимиз томонидан Сирдарё аҳолисига ёрдам бериш учун ҳомийлик маблағлари ўтказилди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, ­кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмлари юборилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги сафарлари чоғида бу ерлик одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш, янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратишни вазифа қилиб қўйган эди.

Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 1 минг 800 га яқин бетон панелли коттеж мавжуд бўлиб, улар сув тошқинидан кўп зарар кўрмаган. Уларни замонавий таъмирлаб, ўз эгаларига топшириш режалаштирилган. Шу мақсадда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарлари бошчилигида 305 та қурилиш ташкилоти ва 12 минг­га яқин қурувчи Сирдарёга етиб келган.

Президентимиз таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Янги кўп қаватли уйлар сентябрь ойида қуриб битказилади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади, – дея таъкидлади.

Шунингдек, сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлаткич, кир ювиш машинаси, мини печ, электр чойнак ва дазмол каби маиший техника воситаларидан иборат совғалар топширилди. Бундай ғамхўрликдан нафақат офатдан жабрланган аҳоли балки бутун халқимиз мамнун бўлди.

Шу ўринда мен Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги  қуйидаги сўзларни келтириб ўтмоқчиман:

“Биз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз…

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз”.

Шу кунларда Президентимиз тилга олган бу тарихий ҳақиқатлар халқимизнинг ўзаро биродарлигида, якдиллигида, қийинчиликлар олдида камарбасталиги, оғизбирчилигида намоён бўлмоқда.  Бу фазилатларни биз аввало ­Президентимизнинг табиий офатларни бартараф қилишдаги жонкуярлиги, белгиланаётган чора ва тадбирлар, қийналган ҳар бир фуқарога ғамхўрлигида рўй-рост кўрмоқдамиз.Бу эса қийинчиликларни енгиш учун қийналаётганларга ҳар бир ўзбекистонлик ёрдам қўлини чўзаётганлигида намоён бўлмоқда.

Сардобадаги сув тошқини офатларидан азият чеккан, талафот кўрган оилаларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқлар, экин майдонларидаги талафотлар оқибатини тугатишга қорақалпоғистонлик дўсти-биродарлар биринчилардан бўлиб ёрдам бердилар. Сирдарёга узоқ қорақалпоқ элидан 30 бош қорамол, 35 тоннадан зиёд гуруч, 50 миллион сўмлик кийим кечаклар, дори- дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди. Шунингдек, Сирдарёнинг ёрдам ҳисоб рақамига 5 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди.

Қорақалпоғистонликлар яқинда Бухоро вилоятининг Олот туманидаги табиий офат оқибатларини тугатиш учун ҳам 200 тонна цемент, З0 тоннадан ортиқ гуруч жўнатиб, олотликларни қўллаб-қувватлаган эдилар.

 Биз қорақалпоғистонликлар Сардоба тумани халқи билан биргамиз, уларга ҳамдардмиз. Касалхонадаги бемор ҳам, уйсиз қолаётган аҳоли ҳам, экинлари нобуд бўлган,боғлари талафот кўрган деҳқону, боғбон ҳам асло ёлғиз эмас.

Бутун халқимиз меҳридан, қўллаб-қувватлашидан бу офатлар тезда бартараф бўлишига ишонамиз.

Негаки, биз яшаётган заминда инсоният пайдо бўлганидан бери одамзод не-не балоларга гирифтор бўлмаган. Одамлар ҳамиша бир-бирига интилиб, бир-бирини қўллаб, бир-бирига ишониб яшаганлар. Бир-бирининг оғирини енгил қилганлар, дардига малҳам бўлганлар. Бундай улуғ қадрият­лар халқимизнинг буюк маънавий меросига айланганини ҳаёт ҳақиқатлари кўрсатиб турибди.

Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда халқпарвар, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиб келаётган ­Президентимизнинг қарор ва фармонлари  ижроси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, обод шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида, ёшларимизнинг ишонч тўла мурод ва мақсадларида намоён бўлмоқда.

Хулоса ўрнида давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш жоиз деб ўйлайман: “Халқимиз шуни яхши билиши керак. Олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб ишимизни мукаммал бажарсак, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради…”

Президентимиз халқимиз матонатига ишонади. Ҳаётимиз учун оғир келаётган 2020 йилнинг барча қийинчиликлари албатта орқада қолади. Мамлакатимизда Президентимиз томонидан олиб борилаёт­ган оқилона ички ва ташқи сиёсат Ватанимизнинг ижтимоий иқтисодий равнақи, тинчлик осойишталиги, аҳоли турмуш фаровонлиги,халқимиз бахтли турмушининг кафолатидир.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

“Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири.

Олий Мажлис Сенати аъзоси.