Мурувват (араб.) сўзи луғатда “одамгарчилик, эркак киши хислатларини ўзида мужассамлаштириш, мард, довюрак, мардоналик билан ёндашиш, шаън-шавкат, саховат, кенг феллилик, олийжаноблик” каби бир неча маъноларни англатади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Баски, ким авф этиб (ўртани) тузатса, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. (Шўро сураси, 40-оят).
Бу ва бунга ўхшаш бир қанча ояти карималарда Аллоҳ таоло бизларга авф этиб мурувватли-кечиримли бўлишга чақиради ва бунинг учун улуғ ажр борлигини маълум қилади.
Тарихга чуқур назар ташласак, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта мурувватли зот бўлганлигига гувоҳ бўламиз. У зот Макка фатҳидан кейин Каъбанинг ичига кириб такбир айтдилар. Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқидилар, кейин обизамзам ичдилар ва масжидга кириб ўтирдилар. Одамлар расулуллоҳнинг атрофига йиғилиб, у зотга кўп азиятлар берган, юртларидан ҳайдаб чиқарган, ҳар қадамда бир шумликни кўзлаб урушган қурайш мушрикларига қандай муомала қилишларини кутиб туришарди. Пайғамбар алайҳиссалом йиғилганларга: “Эй қурайш халқи, мени ҳозир сизларга нима деб ўйлайсизлар?” деб сўрадилар. Одамлар: “Сен олийжаноб-мард қариндошимиз ўғлисан. Мард қариндошимиз бизга яхшилик қилади, деб ўйлаяпмиз”, дейишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бўпти, сизлар ўйлагандек бўла қолсин. Боринглар, ҳаммангиз озодсизлар!” дея мурувват кўрсатдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом нутқ сўзлаб, бир неча диний масалаларга тўхталиб ўтдилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу)мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Бу гаплардан таъсирланган одамлар мусулмон бўлиб, пайғамбар алайҳиссаломга байъат қила бошлашди. Муовия ибн Абу Суфён билан Абу Бакр Сиддиқнинг отаси Абу Қаҳофа ҳам ўша куни иймон келтиришди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг ислом динига кирганидан қаттиқ хурсанд бўлдилар.
Байъат қилиш учун бир одамнинг дағ-дағ титраётганини кўрган расулуллоҳ: “Қўрқма, мен подшоҳ эмасман. Қуритилган гўшт ейдиган бир қурайшлик аёлнинг боласиман”, дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом ўлимга ҳукм этган кимсаларга бу олам тангу тор бўлди, лекин у зотнинг ҳукмлари одил ва ҳақли эди. Бундайларнинг бир қисми Аллоҳ толонинг илтифоти туфайли иймон келтириб, жонини сақлаб қолдилар…
Икрима ибн Абу Жаҳл Макка фатҳ этилгандан кейин қочиб кетди. Унинг хотини Умму Ҳаким Макка фатҳидан олдин мусулмон бўлган эди. Умму Ҳаким сарвари оламдан эри учун омонлик олгач, уни излаб йўлга тушди. Излай-излай ниҳоят уни денгиз соҳилида кемага чиқмоқчи бўлиб турганда топди ва унга: “Мен сенга дунёдаги энг яхши, янги одил одамдан омонлик олиб келдим. Ўзингни ўзинг жувонмарг қилмай мен билан бирга юр”, деди Умму Ҳаким. Икрима хотинининг гапига ишониб Маккага қайтиб борди. Пайғамбар алайҳиссалом уни кўриб: “Мусулмон бўлиб, бизга ҳижрат қилиб келган одамни қучоқ очиб кутиб оламиз”, дея ўринларидан туриб кетдилар. Икрима иймон келтириб, олдинги гуноҳлари учун пайғамбар алайҳиссаломдан ўзига истиғфор айтишларини сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом унга ижобат қилди. Шу кундан эътиборан Икрима ислом учун астойдил жон куйдириб хизмат қиладиган саҳобалардан бўлди.
Ҳубайр ибн Асвад қочиб гадой топмас бир пастқамликка яширинган эди. У пайғамбар алайҳиссалом Макка билан Тоиф оралиғидаги Жиърона деган жойда турганларида келиб: “Эй расулуллоҳ, мен Эронга қочиб кетмоқчи эдим, лекин сенинг силаи-раҳм қилишингни ва дилингни ранжитганларни ҳам гуноҳидан ўтишингни эшитиб қайтиб келдим. Бизлар бутпараст эдик. Аллоҳ сен сабабли бизни ҳидоятга эриштирди, ҳалокатдан қутқарди. Мени ҳам кенглик қилиб кечиргин”, деди, “Майли, кечирдим”, дедилар. Расулуллоҳнинг бу гаплари Ҳишомнинг кўнглини тоғдек ўстириб юборди. У то умрининг охиригача ислом учун айтойдил жон койитадиган саҳобалардан бирига айланди.
Ўша куни пайғамбар алайҳиссалом мазкур саҳобалардан бошқа бир қанчаларини кечирганлар, кейин улар иймон келтириб, дин йўлида Аллоҳ учун хизмат қилган ва тарихда чуқур из қолдирган фидоий саҳобаларга айландилар.
Бунга кўплаб воқеа ҳодисаларни мисол тариқаси келтириш мумкин. Албатта, ўз душманини авф этиб мурувват кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Расулуллоҳ алайҳиссаломдек мардона-олийжаноблик қилиб мурувват кўрсатишга интилиш эса у зотга муносиб уммат бўлиш демакдир.
Яқинда юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиеевнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонини имзолади. Унга кўра 258 нафар фуқаро авф этилди. Улардан 164 нафари фаолияти тақиқланган ташкилотлар иштирокчисидир. Авф ислом динига хос инсонийлик ифодаси бўлди. Зеро, авф кечирилган шахсни фарзандлари, мўйсафид ота-оналари қучоғига қайтармоқда. Ушбу инсонпарварлик, кечиримлилик ва ғамхўрлик рамзи бўлган эзгу иш 258 нафар оилани янги ҳаётга қайтаришга, ушбу хонадонлардаги моддий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, мунғайган кўнгиллар шод ва хотиржам бўлишига хизмат қилади.
Афв этилганларга тиконли сим орқасида ўтириш эмас, балки ўз ҳалол мехнати билан ўз номини оқлаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга тарихий имконият берилди. Энди ушбу фуқаролар ушбу имкониятдан самарали фойдаланишлари, оиласига бош-қош бўлишлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳукуматимизнинг ишончига амалий шукрона билан жавоб қайтаришлари, шу юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Афв туфайли озодликка чиққан фуқароларимизнинг ижтимоий мослашувига, тўғри йўлга тушиб олишларига маҳалла-куй, қариндошлар, дўст-биродарлар, имомлар, умуман кенг жамоатчилик яқиндан ва самимий кўмак кўрсатишлари керак. Қуръони каримда айтилганидек: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ муомала билан даф этинг! (Шунда) бирдан сен билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур (Фуссилат сураси, 34-оят)”.
Афв этилганлар эса ушбу ишончни суистеъмол қилмасликлари, берган ваъдаларига ҳиёнат қилмасликлари нафақат фуқаровий бурчи, балки шариатимиз талаби ҳам ҳисобланади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, олийжаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди.
Аллоҳ таоло барчамизни олийжаноб-мурувватли бандалардан қилсин!
Ш.С.Бауатдинов,
Қорақалпоғистон Мусулмонлари Қозиёти қозиси.