Виртуал кутубхона ўқувчилар хизматида


Юртимиздаги карантин шароити сабабли Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли Болалар кутубхонаси ўқувчиларга ижтимоий тармоқлар орқали онлайн хизмат кўрсатмоқда.

“Биз билан ижтимоий тармоқларда бирга бўлинг!”, “Сиз ва биз уйда қолиб китоб ўқиймиз!” шиори остида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда китобхонлар учун қулайлик яратиш мақсадида мактаб ёшидаги болалар учун электрон дарсликлар хизмати жорий этилди. 

Бугунги кунга келиб, ижтимоий тармоқлардаги Виртуал кутубхона хизматидан 16 минг 400 дан ортиқ ўқувчилар фойдаланиб келмоқда. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Уйда қолинг!” шиори остида “Она тилим — менинг юрагимда” мавзусида танлов ўтказилди. Бу каби танловлар ёшларда она тилини асраб авайлаш, ҳурмат қилиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш билан бир қаторда уларни инсонпарварлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.