2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш устувор вазифалардан саналади.
Шунингдек, гуманитар ва педагогик йўналишларда кадрлар тайёрлаш сифатига эътиборни кучайтириш, хорижий тилларни ўзлаштирган, юқори малакали профессионал педагог кадрларни етказиб бериш, таълим йўналишларига мос бўлган фанлардан миллий ва халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларига эга бўлган абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тажрибасини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, миллий баҳолаш тизими сертификатлари тақдим этиладиган фанлар рўйхатини кенгайтириш олий таълимни ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалар сифатида белгиланган.
Давлат тест маркази йил давомида фуқаролар, асосан, олий таълим муассасаларига кириш ва шу орқали олий маълумотли етук кадр бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарининг таклифлари, ривожланган давлатларнинг тажрибаси асосида абитуриентлар учун қатор бепул хизматларни жорий қилди. Хусусан, e-Sinov тизими орқали абитуриентлар ҳар бир фан бўйича “Тест топшириқлари тўплами 2019” амалий қўлланмаларида нашр этилган тест топшириқлари банкида шакллантирилган вариантни ечиб, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин ёки шу тизимдан dtmxizmatbot телеграм бот орқали фойдаланиш имкониятлари яратилди. Шунингдек, 2020 йилнинг январь ойидан бошлаб Давлат тест марказининг расмий веб сайти – http://5fan.dtm.uz орқали рўйхатдан ўтган ҳолда ўзига керакли бўлган репетицион тест китоблари бўйича буюртма асосида ўз билимларини синовдан ўтказиш тизими ишга туширилди. Бугунги кунда юқорида санаб ўтилган хизматларнинг барчаси бепул амалга оширилмоқда.
Давлат тест маркази мутахассислари томонидан она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили) ва адабиёти фанидан Миллий сертификат беришнинг имтиҳон тизими таркиби ва мазмуни ишлаб чиқилди ҳамда унинг илмий асослари яратилди. Бугунги кунда чет тили (12 та) фанларидан миллий сертификат тизими жорий этилган бўлса, 2020 йилнинг IV чорагида унга қўшимча ўзбек, рус ҳамда қорақалпоқ тили ва адабиёти фанларидан ҳам миллий сертификат беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. 2021 йилнинг 1 январига қадар математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.
Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги 4319-сонли қарори асосида олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларида таълим йўналишлари бўйича иккита мутахассислик ва 3 та мажбурий фанлардан тест синови ўтказилиши белгиланди.
Маълумки, юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида март ойидан бошлаб карантин чекловлари ўрнатилди. Давлатимиз раҳбари барча соҳаларда халқимизга енгилликлар ва қулайликлар яратиб бериш вазифасини қўйди. Пандемия шароитидаги чекловлар даврида абитуриентлар ўзлари хоҳлаганларидек тайёргарлик кўра олмадилар. Бу нафақат абитуриентларга, балки ўқувчи ва талабаларга ҳам тегишли ҳолат.
Шундай шароитда абитуриентлар учун уйидан чиқмаган ҳолда олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш, тест топшириқларини соддалаштириш, кириш тест синовларини содда шаклда ва қисқа вақт ичида ўтказиш каби енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилди. Жорий йилнинг 30 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда белгиланган топшириқлар ва тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан киритилган таклифлар асосида ҳамда абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020/2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанлардан ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 19 декабрдаги 11-сонли баёни билан тасдиқланган таълим йўналишлари бўйича фанлар мажмуаси асосида бўлади.
Жорий йилда тест синовлари катта сиғимдаги биноларда ўтказилиши давом эттирилиб, бунда ҳар бир абитуриент учун камида 3 м.кв жой ажратилади.
Санитария гигиена талабларига кўра, уларга маска, қўлқоп билан тестда иштирок этиши белгиланган абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчанган ҳолда бинога киритилади.
Тест синови қатнашувчиларининг саломатлиги ва хавфсизлигини сақлаш мақсадида бинолар камида 4-5 марта дезинфекция қилинади.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, тест топшириқларини соддалаштириш деганда бакалавриат қабул имтиҳонларида фақат содда тестлардан фойдаланилади, деб тушунмаслик керак. Тест топшириқлари 3 та қийинлик даражасида шакллантирилади. Биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари ишланиши, бажарилиши осон бўлган тест топшириқлари ҳисобланади. Аввалги йилларда ўтказилган тест синовларида ҳар бир фандан 6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилган бўлса, жорий йилда ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилиши режалаштирилган. Шунингдек, жадвал, расмли кўринишдаги саволлар сақланиб қолади. 2019 йили қабул тест синовларида ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишидаги янги тест топшириқлари қўлланилган эди. Шундай саволлардан бу йилги имтиҳонларда ҳам фойдаланилади. Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб тезда тушунишлари учун жорий йилда ҳам тарих, география ва чет (инглиз, немис, француз) тили фанларидан расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда. Бундан ташқари, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда. Она тили ва адабиёт фанидан (ўзбек, рус, қорақалпоқ) мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилади. Шунингдек, мантиқий фикрлашни ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ тест топшириқлари тузилмоқда. Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўллангани ва гапларнинг тўғри шакллантирилганини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб этилади. Назарий саволлар кўпайтирилмоқда. Жумладан, кимё фанидан назарий тест топшириқлари сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари яратилмоқда. Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлари сони оширилмоқда. Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш учун доимий физик катталиклар жадвали ишлаб чиқилди ва у тест синови топшириш жараёнида тақдим этилади.
Умумлаштириб айтганда, барча имтиёз, имконият ва енгилликлар ёшларимизнинг билим олишлари, етук кадр бўлиб етишишлари учун татбиқ қилинмоқда.
Барча абитуриентларимизга талабалик бахти ва нашидасини тилаймиз!
М.Абдуллаев,
Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги
бўлими бошлиғи.