Маълумки, юртимизда карантин эълон қилинганидан бошлаб барча соҳаларда қийинчиликлар юзага келиб, масофавий фаолият юритиш йўлга қўйилди. Бу кунлар халқимиз учун ҳақиқий синовли кунларга айланди.
Мана шундай синовли кунларда Ёшлар иттифоқи четда қараб турмасдан, барча шаҳар ва туманларда иттифоқнинг кўнгиллилари ва волонтёрлари аҳоли орасида ёрдамга муҳтож, кам таъминланган ҳамда карантинга олинган оилаларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Улар ёшлар ўртасида бир қанча тарғибот ишларини олиб бориб, 20 мингга яқин тиббий ниқоблар, қўлқоп ҳамда антисептик воситаларни тарқатишди.
Хайрия тадбирлари доирасида белни маҳкам боғлаган 400 га яқин ёшлар ўз ихтиёри билан Нукус шаҳри ва барча туманлардаги “Call-марказ”ларида фуқаролардан келаётган мурожаатларни қабул қилиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситаларини етказиб бермоқда. Шунингдек, 476 нафар ёшлар дезинфекция ишларида, 219 нафари эса назорат (пост) бўлимларида беминнат хизмат қилмоқда.
Иттифоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва барча ҳудудий кенгашлари ходимларининг бир кунлик меҳнат ҳақилари яъни, 10 миллион сўмдан ортиқ пул маблағ ихтиёрий равишда коронавирусга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамғармасига ўтказиб берилди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида “Ёшлар келажагимиз” давлат дастуридан имтиёзли кредит олган ёш тадбиркорлар билан биргаликда республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидаги мингдан ортиқ ёрдамга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, тиббий ниқоблар ҳамда томорқа учун кўчатлар тарқатилди.
Ёшларнинг бўш вақтларини уй шароитида мазмунли ташкил этиш мақсадида “Уйда қолинг!”, “Биз биргамиз!” хештеглари ҳамда “Уйда қолиб, китоб ўқиймиз!”, “Уйда қолиб, қўшиқ эшитинг!”, “Уйда қолинг, фойда олинг!” челленжлари ўтказилиб, онлайн тарзда ҳар хил мазмундаги танловлар ташкил этилди. Айниқса, тажрибали мутахассисларнинг онлайн вебинарлари ёшларнинг соҳалар бўйича кўникмаларини оширишда яқиндан ёрдам бермоқда.
Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус карантин вақтида ҳам тўхтовсиз амалга оширилмоқда. Яъни, “Беш ташаббус уйда”, “Мен ўқиган энг яхши китоб”, “Ёш гитарачилар”, “Биз ота-онамизга ёрдамчимиз”, “Бахтли оила-бахтли келажак” онлайн танловлари, “Ойдин” ва “Билим ринг” интеллектуал ўйинлари шулар жумласидандир.
Ёшларни китобхонликка жалб этиш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш мақсадида “телеграмм” ижтимоий тармоғида 4 та аудиокитоблар канали ишга туширилди. Бу каналларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тингловчилар учун эртак китоблар, қорақалпоқ, ўзбек, жаҳон адабиёти дурдоналари жамланган.
Замондошларига ўрнак бўлаётган сардорлар томонидан @Krsardorlari “телеграмм” ижтимоий тармоғида ташкил этилган “SPRING BREAK”, “AYAZIY AWLADI”, “Dem alista bir kun”, “Sa’rdarlar intellekt viktorinasi”, “Bir sa’rdardin’ tariyxi”, “Discuss and stay home”, “Life hack” танловлари етти мингдан ортиқ ёшларда қизиқиш уйғота олди. Шунингдек, @ilim7 “телеграмм” ижтимоий тармоғида “Билимли ёшлар” канали очилиб, унда ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказмоқда.
“Хотира ва қадрлаш куни” арафасида бошланғич ташкилот етакчилари шаҳар ва туман ҳудудларида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, шунингдек, хизмат чоғида вафот этган ҳарбийларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиб, байрам совғаларини топширдилар.
Яқинда 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Бахтли оила-бахтли келажак” шиори остида мамлакат миқёсида ўтказилган танловда 2 та ёш оила ғолиб бўлди. Шунингдек, “Ёшлар -келажагимиз” жамғармаси томонидан ўтказилган “Уйда қолинг, фойда олинг!” челленжида тахиатошлик ёш тадбиркор Жерен Келова ва Нурсултан Жолманова ғолибликни қўлга киритди.
Коронавирус пандемияси ўз кучини кўрсатишига қарамасдан ёшлар ўқиб, изланишдан, билим олишдан, танловларда иштирок этишдан ва муваффақиятларни қўлга киритишдан асло тўхтагани йўқ. Айниқса, ёш фермерлар, ишсиз ёшлар дала майдонларида тинимсиз меҳнат қилиб, бор куч-ғайратини юртимиз хирмонига ҳисса қўшишга сафарбар этмоқда.
Бундай ҳар томонлама ақлли, меҳнатсевар, зийрак, иқтидорли, ҳунарли ёшларимиз бор экан, эртанги келажагимиздан кўнглимиз тўқ.
А.Данияров,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, сенатор.