БАХТ — ЎЗ ОИЛАСИ БАҒРИДА


Тарихдан маълумки, кечиримлилик, бағрикенглик халқимизга хос энг олийжаноб фазилатлардан бири бўлиб, одамларни меҳр-оқибатли бўлишга, дўст ва биродарликда яшашга ундаб келган.

Айниқса, билиб билмай ҳаёт йўлларида адашган, жиноят бот­қоғига тушиб тинч ва хотиржам ҳаётидан айрилиб, яқинларидан узоқлашиб қолганлар ҳам орамизда учрайди. Уларга тўғри йўл кўрсатиш, агар ўз қилмишларидан пушаймон бўлсалар уларни кечириш ва ҳаётга қайтариш улуғ аждодларимиз ҳикматлари билан бизга етиб келган олийжаноб фазилатдир.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони фикримизнинг далилидир.

 Ушбу фармонга кўра 258 нафар жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган ва қатьий тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар авф этилди. Шуларнинг 10 нафари қорақалпоғис­тонлик фуқаролардир.

Президентимиз фармонига асосан афв этилганлар ўз оиласи бағрига қайтиб, муборак Рамазон ҳайитини ўз туғилган ота маконида, дўстлари, оиласи бағрида нишонлашга муяссар бўлдилар.

Улар ўз маҳаллаларида мутасадди ташкилотлар ёрдамида яшаш жойларида муаммолар туғилаёт­ган бўлса турар жойлар билан таъминланиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига ёрдам берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан Рамазон ҳайити арафасида билиб билмай жиноят йўлига кириб қолган фуқароларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни қувонтираёт­гани шак-шубҳасиздир.

Чунки, тарихдан биламизки, кечиримли бўлиш ҳамма замонларда ҳам одамлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Шу билан бирга бу мўмин-мусулмонлар учун энг  юксак инсоний фазилатлардандир.

Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан бири. Агар муборак ҳадисларга назар солсак, улуғ аждодларимиз ҳикматларини чуқур англасак кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик —  халқимизга хос азалий қадриятлардан бири эканлигига қайта-қайта амин бўламиз.

Улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”да ҳам “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим”, дея бағрикенглик, кечиримлилик фазилатлари улуғланганлигини англаймиз.

Президентимизнинг бағрикенг­лик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган бу фармони жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари  энг олий қадрият эканлигини яна бир марта тасдиқлади. Зеро, халқимиз Президентимизнинг ҳар бир инсонга эътибори, ғамхўрликларини коронавирус пандемияси окибатларини тугатишга қаратилган мурожаатларида, Бухоро, Сирдарёдаги табиат офатларини бартараф қилишдаги амалий ёрдамларида, мамлакатимизда камбағалликни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирларда кўриб, ҳис этмоқда.

Чунки, мамлакатимизда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бугун афв этилганлар, кечирилганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб ҳаётга қўшилар эканлар, ўзларининг шу Ватанга керак эканликларини, уларни давлатимиз раҳбари ўзи қўллаб-қувватлаётганидан руҳланиб янги орзу мақсадлар билан яшамоқдалар. Янгиланаётган юртимизнинг бахтли, осойишта ҳаётига қўшилиш, одамлар орасида бўлиб ўз оиласи билан улуғвор бунёдкорликларга ҳисса қўшиш ҳақида ўйламоқдалар. Зеро, ҳар бир инсоннинг бахти ўз оиласи бағридадир. 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Олий Мажлис сенати аъзоси.