«Imzo Akfa» Қорақалпоғистонда


Ҳар йили  юртимизнинг барча ҳудудларида тўйга-тўёна сифатида янги биноларни қуриш ва  Мустақиллик байрамида фойдаланишга топшириш яхши анъанага айланган. Жорий йил ҳам давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллик шодёналари олдидан  Тўтркўл туманида “Imzo Akfa” компаниясининг расмий диллерлик филиали очилиб, унинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Мазкур тадбиркорлик объектининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Н.Худойберганов сўзга чиқиб, айни байрам кунлари туманда ўнлаб ижтимоий-иқтисодий объектлар фойдаланишга топширилаётганини, шулар қаторида Қорақалпоғистонда илк  бор “Imzo Akfa” филиали очилаётгани туман иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, қолаверса, хонадонлар ва корхоналарни бугунги замон талаблари даражасида қуриш ҳамда жиҳозлашда, бир сўз билан айтганда юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган янги тадбиркорлик объекти бўлганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азимов, кулгу устаси Валижон Шамшиевлар сўз олиб, Президентимиз ­Ш.Мирзиёев томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва имкониятлар натижасида юртимизда эришилаётган ютуқлар ҳақида гапириб ўтдилар. Таъкидланганидек, бугунги кунда ойна ҳамда эшик конструкцияларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланмиш “Imzo Akfa” мижозларнинг ишончини қозонишга улгурди. Ушбу фабрика “Akfa” пластик ва алюмин профиллар компаниясининг инновацион ғояси саналади. Ҳозирги кунда “Imzo Akfa” бренди остида турли хилдаги сифатли ойна ва эшиклар ишлаб чиқарилмоқда. Маълумотларга кўра, “Imzo Akfa” компанияси нафақат Ўзбекистонда балки МДҲ давлатларида ҳам шу йўналишда фаолият юритувчи корхоналар билан бемалол рақобатлашмоқда. Фабрика хизмат кўрсатиш ва ҳудудлар қамровини кенгайтириш мақсадида юртимиз бўйлаб “show-room” ҳамда диллерлик марказларини очмоқда. Тадбирда сўз олганлар Тўрткўл туманида очилаётган “Imzo Akfa” диллерлик маркази ҳам фақат ушбу туманда эмас, қўшни туманлар ва вилоятларга ҳам хизмат кўрсатадиган йирик корхонага айланишини билдириб, келгуси ишларига муваффақиятлар тиладилар.

Тантанали тадбирда “Imzo Akfa” компаниясининг бош директор ўринбосари Авазхон Максутов иштирок қилди ва тумандаги диллерлик маркази раҳбари Қаҳрамон Матёкубовга “Imzo Akfa” расмий гувоҳномасини топширди. Шундан сўнг, алвон тасма кесилиб, расмий “show-room” очиқ, дея эълон қилинди.

— Тадбиркорлик фаолиятимизни бошлаганимизга ўн йилдан ошди, — дейди диллерлик маркази раҳбари Қаҳрамон Матёкубов. — Дастлаб, 2008 йилда якка тадбиркор бўлиб иш бошладим. Кейинчалик 2010 йилда масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Ўтган йиллар давомида тумандаги ва республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги кўплаб қурилишларда иштирок қилдик. Энг дастлабки йирик буюрт­маларимиздан бири Тўрткўл савдо мажмуаси эди. Биз ишимизни сифатли ўз муддатида бажардик ва кейинчалик бу каби кўплаб объектлар қурилишида иштирок этдик. Жумладан, Ўзбекистон почтасининг Тўрткўл филиали, “Алоқабанк”нинг Нукус шаҳридаги ва Хоразм вилоятидаги янги бинолари ва шу каби бир неча объектлар қурилишида қатнашдик.  Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида ўтган йил “Микрокредит­банк”дан  100 миллион сўм кредит олган эдик. Мана кўриб тур­ганингиздек, фаолиятимиз кенгаймоқда. Эндиликда, зиммамизда “Imzo Akfa” бренди билан янада самарали ва сифатли хизмат кўрсатишдек масъулиятли иш турибди.

Шу ўринда “Imzo Akfa” фабрикаси маҳсулотлари юртимиз иқлимига мослаштирилган юқори сифатли материалларидан ишлаб чиқарилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Евро стандартларга тўлиқ жавоб берувчи маҳсулотлар буюртмачининг танловига қараб турли ранг ва қулайликларда тақдим этилади. Бундан ташқари, фабрика иқлимга монанд энергия тежовчи ромларни ҳам таклиф этади. “Imzo Akfa” фабрикасининг ўзига хослиги шундаки, у юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Янги расмий диллерлик марказимизда мазкур бренд остида ишлаб чиқарилаётган эшиклар, энг сўнги намунадаги энергия тежовчи ромлар, ойна саноатининг сўнгги ишланмалари каби кўплаб тайёр маҳсулотлар тақдим этилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчимизки, шу кунгача республикамизда юқорида келтирилган компаниянинг расмий филиаллари йўқ эди.  Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида дастлаб Тўрткўл туманида, кейин Нукус шаҳрида “Imzo Akfa” компаниясининг расмий филиаллари очилди. Ҳа, “Imzo Akfa” Қорақалпоғистонда. Эндиликда, ҳудудларимизда янги бунёд этиладиган хонадон ва биноларда ҳам “Imzo Akfa” бренди остидаги сифатли маҳсулотларни кўришимиз мумкин.

Ғ.ОТАЖОНОВ.