26 май куни халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашининг навбатдан
ташқари олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия кун тартибида ташкилий масаласи кўриб чиқилди.
Сессия ишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, айниқса, бугунгидек синовли даврда аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича келгусидаги вазифалар ҳақида батафсил сўз юритди ҳамда туман ҳокими лавозимига шу кунга қадар Элликқалъа туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шамуратов Рустам Азатовичнинг номзодини тавсия этди.
Тавсия этилган номзодни туман Кенгашининг бир қатор депутатлари қўллаб-қувватлаб сўзга чиқишди.
Сессияда Р.А.Шамуратов Тўрткўл тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди ва ўзининг бор билими, тўплаган иш тажрибасини туманни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга сафарбар этишини таъкидлади. Маълумот учун, Р.А.Шамуратов ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг иқтисодий ривожлантириш масалалари котибияти бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, Тўрткўл тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Элликқалъа туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Элликқалъа тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари каби масъулиятли вазифаларда фаолият юритган.