Сийлов бўлсин бу синовлар ҳам!


Бугун биз бағрида қўним топганимиз Она Замин, Она Сайёра инсониятнинг шафқатсизлиги, ҳадя қилинган неъматларга ношукурлигидан ларзага келди. Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асарида ўзини камолга келтирган буғулар авлодини аёвсиз қираётган инсонлардан йироқларга кетиб қолган она буғу cингари табиат ҳам биздан юз ўгирди, гўё. Кўпчилигимиз аллақачон англаб етдик ҳам, аслида, бу олам ичра оддий бир зарра эканлигимизни…

Коронавирус пандемияси даврида Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиздаги фидойи инсонлар ва барчамиз ушбу касалликни енгиб ўтишга астойдил ҳаракат қилмоқдамиз, бунга ишонамиз ҳам. Албатта, карантин даврида жуда кўпчилик ўз иш фаолиятини масофадан туриб олиб боришга, баъзилар эса тўхтатишга мажбур бўлмоқда. Жаҳондаги баъзи мамлакатларда касаллик қурбонлари бир неча мингга етса ҳам, карантин эълон қилинмаган ҳолатлар кузатилди, юртимизда эса ушбу тадбирнинг айни вақтида амалга оширилгани ўз натижасини бермоқда. Шундай синовли кунлар, оғир дамларда ҳукуматимиз томонидан келажак эгалари бўлган ёшлар, хусусан, мактаб ўқувчиларининг таълим олиш жараёнини тўхтатиб қўймаслик масаласи алоҳида эътиборга олинди ва МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб ўқувчилар учун онлайн телевизион дарслар намойиш этила бошланди. Бу эса болаларимизнинг уйда ўтириб ҳам мактабда ўрганиши лозим бўлган билимларни эгаллашига имкон яратди.

Улуғ мутафаккир Абдурауф Фитрат “Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир” деган эди. Кўзга кўринмас бир зарра бани башар бошига ажал соясини солиб, халқимизни ҳам чуқур хавотирга қўйган бўлса-да, пандемиянинг ўткинчи эканлиги, бирдамлик, аҳиллик билан уни енгиш мумкинлигига ишончимиз комил. Миллатнинг эртаси бўлган ёшларни эса таълим жараёнидан узиб қўйиш мумкин эмас. Шу боис қисқа муддат ичида малакали ўқитувчилар томонидан барча синфлар учун видеодарслар тайёрланди.

Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур, деган эди буюк мутафаккиримиз Маҳмудхўжа Беҳбудий. Юртимиздаги кўпчилик мактабларда ҳамон анъанавий дарслар давом этиб келаётган, баъзи ўқитувчилар янгича ахборот воситалари билан унчалик “чиқишолмаётган” даврда коронавирус пандемияси, айниқса, таълим тизими учун синов ҳам, сийлов ҳам бўлди десак, мени маъзур тутасиз. Хўш, нега сийлов?

Аввало, Беҳбудий бобомизнинг юқорида келтирилган сўзларига эътибор қаратсак, ўринли бўлар. Тобора жадаллашиб бораётган илм-фан асрида биз анъанавийликдан чиқишимиз, таълим жараёнида интернет ва компютер технологиялари имкониятларидан етарлича фойдаланишга ўтишимиз, албатта, керак эди. Зеро, замон билан ҳамнафаслик мамлакатнинг, миллатнинг янада равнақ топиши учун зарур.   

Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли технологияларни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда онлайн таълим тизимининг йўлга қўйилганлиги қонун ва ижронинг ҳамоҳанглигини кўрсатиб бермоқда.

Кейинги жиҳат шундаки, ўқитувчиларнинг баъзи инсонлар учун бир қарашда болаларга эртак айтиб беришдек осон туюлган таълим-тарбия бериш фаолияти, аслида, қанчалик машаққатли иш эканлигини ҳар бир ота-она уйида, телевизор олдида ўтириб фарзанди билан дарс қилаётганда яна бир бор англаган бўлса ажаб эмас. Шунингдек, ўқувчиларга онлайн дарсларнинг афзаллиги оиласи бағрида бўлиши, билим олишнинг давом этаётганигина бўлиб қолмай, мактабидаги ўз устозлари билан телевизион дарслардаги ўқитувчиларнинг дарс ўтишини қиёслаш имкониятига ҳам эга эканлигидадир. Агарда ўқитувчиси видеодарслардан-да зўр дарс ўтаётган бўлса, ўқувчида жонажон мактабида ўқишга бўлган иштиёқ, шу фан ўқитувчисига бўлган эҳтиром янада ошади. Агар видеодарслар ўрганиш ва билимни эгаллаш учун қулайроқ бўлса, бугуннинг зийрак ва зукко ёшлари кейинги ўқув йилида, албатта, устозининг камчиликлари ва сабоқ беришда қандай усуллар уларга қулайроқ бўлишини айта олади.  

Ўзбекистондаги биз қатори барча ўқитувчилар онлайн дарслар ор­қали ўзларига керакли хулосалар олиб бораётгани, кейинги ўқув йилидаги фаолияти учун янги ғоялар, янги педагогик усуллар устида тинимсиз изланаётганлиги эса муҳим ютуғимиз деб ўйлайман.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз керакки, ҳар қандай мушғулотнинг ҳам ечимини оқилона топа олиш, олдига келган синовдан саросимага тушмасдан, унинг ҳам бир ҳикмати борлигини англаш олийжаноб халқимизга хос фазилат. Шундай экан, биз ҳам фарзандларимизнинг, миллатимизнинг эртаси учун ҳамжиҳатлик билан, сабр билан таълим ва тарбия беришда  давом этайлик, азиз ўқитувчилар, ота-оналар, улуғ халқим!

Аббос Реимов,

Элликқалъа туманидаги 56-сон умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.