Юридик адабиётларда вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарлиги билан боғлиқ мавзулар жуда долзарб бўлиб, мазкур йўналишни ўрганиш натижалари муаммолар етарлича эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу мавзунинг долзарблиги биринчи галда вояга етмаган шахсларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ҳуқуқий мақоми билан белгиланади. Вояга етмаганлар алоҳида тоифадаги шахс сифатида маъмурий қонунчиликда алоҳида ҳуқуқий мақомга эгадир. Ушбу тоифа шахслар бошқалардан бир қатор имтиёзларга эгалиги билан ажралиб туради.
Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органлар томонидан амалга ошириладиган маъмурий жавобгарликнинг йўналишидир.
Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарлиги тушунчасининг мазмун-моҳиятини аниқроқ ёритиш учун мазкур тоифа шахсларнинг маъмурий қонунчиликда назарда тутилган бир қатор ўзига хос томонларини инобатга олиш даркор.
Биринчи галда бу вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган жазо чоралари билан боғлиқдир. Мантиқан хулоса қилинганда таъкидлаш жоизки, вояга етмаганларга катталарга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган айрим жазо чоралари қўлланилмайди. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (29-модда 2-қисм) асосан маъмурий қамоқ жазоси 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан қўланилмайди.
Қонун нормалари ҳамда амалиёт таҳлилига асосланадиган бўлсак, вояга етмаганларга фақатгина маъмурий жарима жазоси қўлланилиши мумкин. Маъмурий жарима жазоси вояга етмаганларга нисбатан тайинланганда унинг мустақил иш ҳаққи ҳисобидан ундириш чоралари кўрилади. Вояга етмаган шахс мутақил ишга эга бўлмаган тақдирда жарима унинг ота-она, уларнинг ўрнини босувчи ёки қонуний вакилдан ундирилади.
Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жазо маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади ҳамда бу тоифа шахсларга жазо қўллаш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахси инобатга олинади ҳамда унинг ўзи эса айнан вояга етмаган шахс бўлганлиги учун ҳам унинг ҳаракати жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат бўлади (МЖтКнинг 30-31-моддалари). Агар вояга етмаган шахс бошқа шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб этилса айбдор шахснинг ҳаракати оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади (32-моддаси).
Суд вояга етмаган шахсга маъмурий жазо чорасини қўллаётганда унинг ҳаракатини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида бахолайди ҳамда ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин.
Амалиёт таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган кўпгина ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси қўлланилмайди балки, уларга нисбатан огоҳлантириш таъсир чораси қўлланилади. Чунки, вояга етмаган шахс бу аввало тарбияга ва ҳимояга муҳтож шахсдир. Шунинг учун бу тоифа шахслар билан кўпгина ҳолатларда жазолаш орқали эмас, балки ишонтириш ва огоҳлантириш усуллари орқали профилактик таъсир кўрсатилади.
Вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг асосий белгилари қуйидагилар:
1) ҳаракат ёки ҳаракатсизлик (содир этилган қилмишнинг ҳуқуққа ҳилофлиги ҳамда тажовузнинг шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга қаратилганлиги);
2) айбдорлик; (қилмишнинг қасд (эгри ёки тўғри қасд) ёки эҳтиётсизликдан (ўз ўзига ишониш ёки бепарволик) содир этилиши)
3) субъект (маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган, aқли рaсo (МЖтК 20-м.), жисмоний шахс (МЖтК 13-м.) назарда тутилади.)
4) жавобгарликка тортиш. (маъмурий қонунчиликда содир этилган қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги) .
Маъмурий жавобгарликка тортилаётган вояга етмаган шахс — маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган бўлиши лозим. Башарти кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилади.
Ваколатли органлар томонидан маъмурий жавобгарликка тортилаётган вояга етмаган шахснинг қонун билан кафолатланган қуйидаги ҳуқуқлари таъминланади:
— ишга оид материаллар билан танишиб чиқиш;
— изоҳ бериш, далиллар келтириш, илтимос қилиш;
— ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш;
иш юритилаётган тилни билмаган тақдирда, ўз она тилида сўзлаш ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш;
— иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш.
Бироқ шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки вояга етмаганларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари билан бир қаторда мажбуриятлари ҳам белгиланган.
Демак, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик фақатгина қилмишни содир этган шахс ўз ҳаракатларини оқибатини англаш даражасига етгандагина юзага келади. Ривожланган мамлакатларда вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун инсонпарварлик принципи қўлланилишини кузатиш мумкин, шу жумладан бизнинг мамлакатимизда ҳам. Бу эса, вояга етмаган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиб жамоатчилик муносабатларига жиддий зарар етказган тақдирда, унинг бу ҳаракати ваколатли органлар томонидан уни маъмурий жазо ўрнига огоҳлантириш билан кифояланиши мумкинлигини англатади .
Б.Нуржанов,
Ўзбекистон Республикаси ИИВАкадемияси курсанти.