ПИЛЛА — ОИЛАВИЙ ДАРОМАД МАНБАИ


Мамлакатимизда пиллачилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Айниқса, мазкур чора-тадбирлар пилла хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш, уни қайта ишлаш ҳисобига экспортбоп ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги қарорига мувофиқ, пиллачилик соҳаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача мазкур йўналишдаги корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўловдан озод қилиниши назарда тутилган.

Дарҳақиқат, меҳнати қадрланиб, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, уй шароитида пилла етиштираётган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниши, бир мавсум ишлаган даври бир йил меҳнат стажига ўтишини яхши англаган пиллакорлар сафи бугун тобора ортиб бормоқда. Бу эса аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, қолаверса турмуш шароитини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда.

Амударё тумани пиллакорлари ҳам бу йилги мавсумни янада шиддат билан ўтказмоқдалар

Маълумки, қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки хирмони саналган пилла ҳар бир оила учун даромад манбаидир. Шу боис, кейинги йилларда ушбу соҳани ривожлантириш ва ундан мўл ҳосил олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

— Бу йил  Амударё туманида 3 минг 768 қути ипак қурти парваришланиб, 208 тонна “кумуш тола”  етиштирилади, — дейди Амударё тумани “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Руслан Наримбетов. — Май ойининг 7-10 кунлари оралиғида туманнинг турли ҳудудларида ташкил этилган 16 та инкубаторияларда  жонлантирилган хорижий навли ипак қурти уруғлари 266 та фермер хўжаликлари ҳамда 1492 нафар касаначиларга тарқатилди. Мавсум бошида ҳар бир қути ипак қурти учун 240 000 сўмдан бўнак пули берилди. Пилла ҳосили йиғиштириб олингач, топширилган ҳар бир килограмм пилла учун 20 минг 400 сўмдан ҳақ тўланиши режалаштирилган.

Маълумки, мўл ҳосил олиш учун аввало шунга яраша шарт-шароит ҳамда тинимсиз меҳнат қилиш керак. Етти хазинанинг бири бўлган ипак қурти парваришлашни сифатли амалга ошириш, ипак  қуртларини тўйимли озуқа билан таъминлаш мақсадида ҳар йили тут плантациялари кенгайтирилиб, янги тутзорлар барпо этилмоқда ҳамда яхши ривожланиши учун агротехника қоидаларига мувофиқ амалга ошириш ниҳоятда муҳим.

Таъкидлаш жоизки, бу йил кўкламда туманда  343 минг дона тут кўчатлари янгидан экилиб, 50 гектарга яқин майдонда янги тутзорлар барпо этилган. Олдинлари тут кўчатлари дала четларига, ариқлар бўйларига экилган бўлса, эндиликда гектарлаб экиш йўлга қўйилди. Маълумки,  гектарлаб экилган ниҳолни парваришлаш, қатор ораларини юмшатиш, озиқлантириш унчалик қийинчилик туғдирмайди. Аксинча,  дарахтлар сермаҳсул бўлади. Қолаверса, улар пиллакорларга тут кўчатлари экилган майдонлар боқаётган ипак қурти миқдорига қараб бўлиб берилишидан манфаатдор бўлмоқда. Яъни, тутлар ораларига экилган турли хил экинлардан мўл ҳосил олиниб, қўшимча даромадга эга бўлишмоқда.

Бугун Амударё туманида ишнинг кўзини биладиган, оиласи даромадини юксалтираётган, қолаверса эл хирмонига муносиб ҳисса қўшаётган  пиллакорлар жуда кўп. Уларнинг масъулиятли ва машаққатли ишларини зимдан кузатар экансиз, беихтиёр кўнглингиз ёришади.  Эркин Расулов раҳбарлигидаги фермер хўжалиги ҳудудида бўй тиклаётган тутзор боғ мана шундай қизғин меҳнат натижасидир. 

Қиличбой овулининг “Хизр эли” маҳалласида истиқомат қилувчи Роҳатой Қурбонова ҳам мана неча йилдирки, ипак қурти парваришлаб, режадагидан ортиқ сифатли пилла етиштириб келмоқда. Асл касби пиллачилик агрономи бўлган Р.Қурбонова  бу йил ҳам бир қути ипак қурти боқди. Оилавий меҳнат, бирдамлик, ҳамжиҳатликни талаб қиладиган бу машаққатли ишда ўзига яраша тартиб интизом, қоида бор. Зеро, барг йиғиш, уларни  бир текис қилиб  қуртларга солиш, қурт боқилаётган хона ҳароратини бир меъёрда сақлаш лозим. Ҳозирда Роҳатой Қурбонова парвариш­лаётган ипак қуртлари ипакка кирмоқда.

“Тўлқин” лик Aзима Ўрозбоева ҳам  оила аъзолари билан биргаликда 20 грамм ипак қуртини парваришлаб, пилла етиштирмоқда.

Қундуз Султонова ҳам ипак қурти парвариши билан анча йиллардан бери шуғулланиб келмоқда. 15 грамм ипак қуртидан мўл ҳосил олишни мақсад қилган Қ.Султонова оила аъзолари билан биргаликда астойдил меҳнат қилмоқда.

Бугун Амударё тумани пиллакорларининг дилида бир мақсад, яъни, мўл ҳосил тўплаш. Бу эса ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш борабарида юқори даромад манбаидир.

Ф.Нуруллаева.