7 нафар фуқарога имтиёзлар берилди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тахиатош туманидаги Халқ қабулхонаси ходимлари тумандаги “Найманкўл”, “Кенегес” ҳамда “Сарайкўл” овул фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли муаммолари, ҳаётий зарурат ва эҳтиёжларини ўрганди.

Тадбир давомида кўпчилик фуқаролар ҳовлисидаги томорқа  ерларидан унумли фойдаланаёт­ганлиги, баъзилари эса ўз иссиқхоналарида етиштираётган маҳсулотларини қўшимча даромад топиш мақсадида бозорга сотаётганликлари аниқланди. 

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 436-моддасида жисмоний тарафлар учун ер солиқларига имтиёзлар берилиши назарда тутилган. Мана шундай имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги 205 –сонли қарорида ўз аксини топган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тахиатош туманидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Д.Наўризбаев. — Томорқа еридан унумли фойдаланиб, ўз ҳисобидан иссиқхона қураётган, шунингдек, норасмий турда банд бўлган фуқароларга имтиёзлар бериш тўғрисида тегишли ташкилотларга таклифлар киритилди. Натижада 7 нафар фуқаронинг 7 миллион 620 минг 500 сўмлик ер солиғи бўйича қарздорлиги, 2 миллион 603 минг 500 сўмга камайтирилди. Яъни, 34 фоизлик ер солиқларидан озод қилинди.

— Мен “Найманкўл” ОФЙ ҳудудида истиқомат қиламан. Менга 2020 йил учун 1 миллион 643 минг сўмлик ер солиғи бўйича қарздорлик ҳисобланган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонасига қилган мурожаатим эътиборга олиниб, имтиёз қўлланилиши натижасида солиқ миқдори 375 минг сўмга камайтирилди, —  дейди фуқаро Б.Ўразбаева. — Бу каби имтиёз берилгани учун Президентимиздан, қабулхона ходимларидан ҳамда туман раҳбарларидан миннатдорман.