Солиқ имтиёзлари тадбиркорларнинг юксак натижаларга эришишига замин яратади


Юртимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугун ҳар бир раҳбар олдидаги ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида жами 16 601 та корхона мавжуд бўлиб, шундан, карантин шароитида 2 825 та корхона ўз фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган эди.

Бинобарин, мамлакатимизда карантин тартиб-қоидаларини юмшатиш бўйича олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида 1686 та корхона қайта ўз фаолиятини бошлади.

Жумладан, солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг берилиши ҳам тадбиркорларга қўшимча имкониятлар яратмоқда. Бу тежалган маблағлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича нав­батдаги чора тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 июнь санасидан 1 сентябригача кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспортлари ташкилотлари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ташкил этиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади. 

Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларига Ўзбекис­тон Республикаси ­Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли ва жорий йилнинг 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли фармонларига мувофиқ, фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилган. 2020 йил апрель-май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиғи суммаларидан, шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан бошлаб 2020 йилнинг 15 майгача  бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларидан воз кечилади.

Фармон билан, тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматлар) олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш хуқуқи берилади.

Божхона органларига мурожаат қилиш кунидан камида 1 йил аввалдан буён фаолият кўрсатиб келаётган микрофирмалар ва кичик корхоналарга товарларни олиб киришда ундириладиган божхона тўловлари ва акциз солиғини тўлашни кечиктириш ҳуқуқи берилади.

Бунда кечиктирилган суммани 2020 йил 1 июлдан бошлаб 120 кун ичида тўлаш шарти белгиланган. (Истеъмол товарлари бундан мустаснодир).

2020 йил 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилади.  (Устав фонди (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно).

Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига уларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади.

Солиқ тўловчилар 15 май ҳолатига бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йили тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар ҳисобидан жами 187, 9  млрд. сўмдан ортиқ пул маблағлари тадбиркорларнинг ўз ихтиёрида қолиши кутилмоқда.

Бу эса ўз навбатида, карантин шароитида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ўзларининг ҳисобида қолаётган маблағлари эвазига корхоналарини қайта тиклаб олиши, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ва албатта фуқаролар учун доимий иш ўринларини яратиш имконини беради.

Мухтасар айтганда, берилаётган солиқ имтиёзлари ва преференциялар тадбиркорлар фаолиятида ўз самарасини бериши, ­шубҳасиздир.

Сардор Юсупов,

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.