Қайсики, мамлакатда аёлларга эътибор, муносабат яхши бўлса, шу давлатда ўсиш, тараққиёт бўлган. Бу тарих ҳақиқати. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётгани ва бу жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланди. Буни хотин-қизларга оид қонун, фармон ва қарорлар, қатор дастур ва йўл хариталари ишлаб чиқилиб, ижроси қатъий назоратга олинганида кўришимиз мумкин. Деярли ҳар куни ОАВларида, шу жумладан телевидение, радио, интернет сайтларида хотин-қизларга берилаётган имкониятлар, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида туркум кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолаларни кўрамиз, эшитамиз, ўқиймиз.
Муҳтарам Президентимиз республикамиз ҳудудларига ташрифлари давомида албатта хотин-қизлар ва оила муаммоларига алоҳида эътибор қаратадилар. Ва албатта улар билан учрашадилар. Шу ҳудудда аёлларга яратилган шарт-шароит, берилган имконият, муаммоларининг бартараф этилишига қараб вилоятларда олиб борилаётган ишларга бир йўналиш сифатида баҳо берадилар. Муҳтарам Президентимизнинг бундай эътибори албатта ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Ва ҳудудий раҳбарларга ҳам катта дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари давомида Мўйноқ туманида бунёд этилган йирик тикувчилик комплексида 350 нафардан зиёд аёллар билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот қилганлари қорақалпоқ аёлларининг ҳаётида ўчмас из қолдиргани шубҳасиз.
2020 йил 18 февралда Муҳтарам Президентимизнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди.
Олдин хотин-қизлар муаммоси билан асосан собиқ Хотин-қизлар қўмитаси шуғулланиб, улар номидан кўпинча муаммо ва масалани шу ташкилот олиб чиқар эди. Ва бу бошқа идора ва ташкилотларга асосан “кузатувчилик” қилишга имкон яратиб бергандек эди, гўё. Эндиликда хотин-қизлар муаммоси барча маҳаллаларда, барча ташкилотларда устувор вазифа сифатида қаралаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Фармон билан Ўзбекистон тарихида бўлмаган янги вазирлик – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларида хотин-қизлар ва оила масаласи устувор этиб белгиланди. Фармонга кўра хотин-қизлар ва оила масалалари билан шуғулланадиган Вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасида вазирнинг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бошқарма бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари айнан хотин-қизлар масалалари ва оила йўналишига масъул ҳисобланади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 413 та фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб жами аҳоли 1 млн 903, 9 мингни ташкил этади, шундан 950,9 минг нафари хотин-қизлардир.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидан Олий Мажлис Сенатига сайланган 6 нафар сенатордан 2 нафари, Қонунчилик палатасига сайланган 8 депутатдан 3 нафари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланган 65 нафар депутатдан 20 нафарини аёллар ташкил этади. Шунингдек шаҳар ва туман кенгашларида 134 нафар аёл депутатларимиз бўлиб, улар билан тарғибот-ташвиқот ишларида, муаммоларни ҳал қилишда яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бундан ташқари, 2864 нафар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ва фаол аёлларимиз билан ҳам яқиндан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, 413 фуқаролар йиғинида 433 нафар оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосарлари, 2069 та хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимиз ҳар бир йиғилишларида энди ҳар бир ишимиз маҳаллабай сўралишини таъкидлайдилар. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишни ҳам маҳаллабай тизимда олиб бораяпмиз. Яъни ҳар бир маҳалладан фидойи, фаол, жонкуяр опа-сингилларимиз орқали маҳалладаги барча оилаларни қамраб олган ҳолда вазиятдан тезкор хабардор бўлиш, муаммоларни барвақт аниқлаш ва жойида ҳал қилиш, тарғибот ишларини олиб боришда ҳамкорлик қилмоқдамиз. .
Хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган, ногирон фарзандни парвариш қилаётган оналарга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш йўналишида рўйхатлар маҳаллабай тизимида янгидан шакллантирилиб, рўйхатга олинган 824 нафар оғир вазиятдаги хотин-қизларнинг 487 нафарига 361 млн сўм миқдорида моддий ёрдам, 23 нафарига тиббий ёрдам, 66 нафарига тикув машиналари, 59 нафар аёлларга йирик шохли, 169 нафарига майда шохли моллар берилди, 21 нафар аёлларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож 461 нафар хотин-қизларга иссиқхоналар, 256 нафар хотин-қизларга 51 млн 914 минг сўмлик паррандалар берилди. Пандемия даврида 522 нафар хотин-қизларга ёрдам сифатида пластик карталар очилиб, 520 млн 453 минг сўм пул маблағлари ўтказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3827-сонли қарорида белгиланган вазифа ва тадбирларни амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси “Аёллар ижтимоий мослашув маркази” томонидан оғир ижтимоий аҳволдаги фуқароларга яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 4 ойи давомида мазкур марказ томонидан 68 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга тиббий ёрдамлар, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда жами 13 004 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш Дастури ишлаб чиқилди.
Ушбу Дастур асосида бугунги кунда 8 минг 89 нафарининг бандлиги таъминланган бўлиб, шундан, ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига 5076, субсидия ажратиш орқали 403, касбга қайта тайёрлаш орқали 341, “Ўзипаксаноат” АЖ томонидан ташкил қилинган иш ўринларига 1102 ҳамда ўзини ўзи банд қилган 1167 нафар хотин-қизларга меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилди.
Шаҳар ва туманлар ҳамда маҳаллалар кесимида ишсиз, ишлаш истагини билдирган хотин-қизларни касбга қайта ўқитиш бўйича 1530 нафар хотин-қизларнинг тикувчилик, пазандачилик, сартарошлик, миллий ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва компьютер дастурларини ўрганиш бўйича манзилли рўйхатлари шакллантирилди.
Тадбиркорлик истагини билдирган 1124 нафар хотин-қизларга 40 млрд. 597,1 минг сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, шундан, 160 нафарига тижорат банк маблағлари ҳисобидан 17 млрд. 221,9 минг сўм ҳамда 964 нафар хотин-қизларга “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 23 млрд. 375 млн.сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” томонидан январь-апрель ойлари давомида тадбиркорликни бошлаш ва кенгайтириш мақсадида 297 нафар хотин-қизлар қисқа курсларда ўқитилиб, шундан, 245 нафарига ўз тадбиркорликларини бошлаш учун сертификатлар берилди. Ҳозирги кунда республикамиз бўйлаб жорий этилган карантин сабабли Нукус, Қўнғирот ва Элликқалъа туманларидан жами 48 нафар хотин-қизлар онлайн тарзда ўқитилмоқда.
Феврал-март ойларида Бўзатов туманида барпо этилаётган тикувчилик комплексига ишга қабул қилиш мақсадида 300 нафар хотин-қизлар касбга қайта ўқитилиб, уларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 150 млн сўм стипендия тўлаб берилиб, мазкур комплекс бугунги кунда ўз иш фаолиятини бошлаш арафасида.
Қорақалпоғистон Республикасида 419 мингдан зиёд оилалар бор. Оила институтини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила-соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, нотинч оилалар билан ишлаш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. Ажрим ёқасига келиб қолган ва нотинч оилаларга маҳаллалардаги фаоллар, кўпни кўрган, тажрибали нуроний отахон ва онахонлар, ибратли оила вакилларини бириктириб, бундай оилалар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилди. Натижада 208 та ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди. 277 та нотинч оилалар аниқланиб, 143 та оилада нотинчлик ҳолатлари бартараф этилди.
Хотин-қизларнинг муаммоларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишларимизнинг самарадорлигини янада ошириш энг асосий вазифамиздир.
Марям Ахмедова,
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари.