Битта жиноят ҳам ташвишдир


Бир ой муқаддам юқори лавозимга тайинланган подполковник ўз хонасида жонсиз ҳолда топилди… Фарзандини бўғиб ўлдирган андижонлик аёлга ҳукм чиқарилди… 24 ёшли қиз бувисини ўлдириб, ҳовлисига кўмди… Тошкентда эркак қизи ва аёлини пичоқлаб қўйди… Эр-хотиннинг уруши ўлим билан тугади…

Қайси газетани очиб ўқимай, қайси телеканални кўрмай шундай хабарлар, ҳар куни биттаси кимнидир ўлдиради, ўғирлик қилади ёки бировни зўрлайди.

Ички ишлар вазирлиги кундан-кун жиноятчилик сони камаймоқда, деб маълумот беряпти. Уларнинг маълумотига кўра, жорий йилнинг 6 ойида жиноятчилик 38,7 фоизга камайган.

Тергов жараёнида жиноятчиларнинг 94 фоизи қотилликка қўл ураётганда, жаҳлини жиловлай олмагини маълум қилган. Тадқиқотчилар бунга психологик заифлик ва билимсизлик, ёвузлик сабабчи, деб кўрсатади.

Мабодо психологга боряпман, десам одамлар мени жиннига чиқаради, ғалати қарайди. Шунинг учундир бизда ҳануз психологик марказларга талаб юқори эмас. “Инсон муфассал хотиржам, сабрли ва ақлли бўлолмайди. Ташқи ва ички босимлар, албатта чалғитади. Шу сабаб психологларга бориб, маслаҳат олиб, машғулотларида қатнашиш лозим”, дейди психолог Амура Десин. Тўғри, мактаб, университетларда психология ўтилади. Аммо у ерда ким дарс беради, қандай, ким билади? Энди психологик саводимизни оширадиган фурсат келганини тан олмасак бўлмайди. Чунки бузғунчи ғоялар тўрт томондан бостириб келаяпти.

Прокуратуранинг маълумотларига кўра, 2018 йил қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларининг сони юқори бўлган… Ушбу хабарни телевизордан эшитган бувим: —

— “Намунча одамлар ёвуз бўлмаса? Бизнинг даврда одам ўлдириш тугул ўғирлик қилса, шармандалик эди. Ҳаммасига мана бу матоҳинг — телефонинг айбдор”, — деди мендан хафа бўлиб.

Бувимнинг гапи анча кулгули, аммо у киши интернетни гапиряптими, демак кўп нарсани билади.

Қариндошимизнинг ўғли меҳмонга келди. Телефонидан қўшиқ ўтказмоқчи эдим, ичи тўла ғалати видеолар. Коллеж ўқувчисининг хаёлидаги гаплардан чўчиб, ўғлимни қучоқлабман, эрта-индин улғайса менинг ҳам боламга бу касофатлар “келиши”дан қўрқаман.

“Болалар ота-онасига куч бермаяпти”, деган гапни кўп эшитаман. Улар унда кимга бўйсинади, кимни тинглайди? Ахир жиноятчилик ҳам шундай ўзбошимчаликдан келиб чиқмайдими?!

Жорий йил Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Тўрткўл, Хўжайли, Беруний туманларида жиноятчилик ошган. Қинғир йўлга кирганларнинг аксарияти ишсиз. Шу ўринда савол бергим келади. Шунча бўш иш ўрни ярмаркалари ўтказиляпти, уларга кимлар қатнашяптию қандай ишга киряпти? Бўш иш ўринлари ярмаркасидаги ишлар чиндан ҳам шунчалик “бўш”ми, кўпчилик хоҳламаяпти?! Айтмасам бўлмайди, яна бир гап.

Яқинда ҳоламнинг ўғлига яхши жойдан иш чиқди. Бир йилдан буён иш тополмаётган унга танишлари ёрдам берди. Кейин билса, шу ўрин 3 ойдан бери бўш турган экану укам уни “биржа”дан тополмаган. Демак, бўш ўринларни биржага тақдим этмай, “яшириб қўйиш” ҳолати ҳалиям мавжуд. Яхши иш ўринларини на биржадан, на меҳнат ярмаркаларидан топасиз. Аммо таниш-билиш орқали топиш мумкин.

Агар ҳамма бирдек жон куйдириб, оилалар муаммоларидан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олганда эди, бугун натижалар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашишда ҳалигача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу фаолиятга кўрсаткичларни олдинги давр билан таққослаш орқали баҳо бериб келмоқда. Аслида битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак, дея Президентимиз таъкидлаганларидек, бизга бир жиноят ҳам кўп.

Бировни ўлдириш, алдаш “мода”га айланмаслиги учун ҳар биримиз тарбияни ўзимиздан бошлашимиз керак. Ота-она ва жамият соғлом бўлмаса, соғлом авлоддан умид қилишга ҳаққимиз йўқ.

Қумар БЕГНИЯЗОВА.