Шу йилнинг 30 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари тадбиркорлари билан видеоконференцалоқа орқали мулоқот ўтказиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади.
Тадбирда сектор раҳбарлари, вазирлик, корхона, идора ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари ва тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Видеоконференцияда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этиш, мурожаатларини ижобий ҳал қилиш, қулай шароитлар яратиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилгани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, Президентимиз томонидан коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш борасида қабул қилинаётган бир қатор қарор ва фармонлар тадбиркорларимизнинг ўз фаолиятини самарали олиб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республикамиз раҳбари бугунги кунда ҳаракатсиз бўлиб қолган тадбиркорлик субъектларининг ҳар бири билан ҳокимлар, сектор раҳбарлари шахсан иш олиб бориб, биринчи навбатда уларнинг фаолиятини қайта тиклаш чораларини кўриши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу бўйича Амударё, Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида юзага келган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш борасида топшириқлар берди.
* * *
31 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида видеоконференцалоқа орқали учрашув ўтказди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда сектор раҳбарлари, вазирлик, корхона, идора ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек, Нукус шаҳри, Тахиатош, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Шўманой ва Хўжайли туманлари тадбиркорлари иштирок этди.
Ҳеч кимга сир эмас, бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ўзининг салбий таъсирини ўтказиб, давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатди. Бу ўз навбатида, аҳоли турмуш тарзига, даромадига зарарини етказмай қолмади.
Учрашувда Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига ва иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида карантин талабларига риоя қилган ҳолда корхоналар фаолиятини босқичма-босқич тиклаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференцияларни бериш орқали уларга қулай шароит яратиш сингари кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
Жумладан, коронавирус пандемияси туфайли ҳаракатини вақтинча тўхтатган тадбиркорларнинг банк кредит тўловларининг пролонгация (муддатини узайтириш) қилиниши, айрим солиқ турлари бўйича тўловлардан имтиёзлар берилиб, муддатининг кечиктирилиши, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга транспорт харажатлари учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши, хорижий инвестиция лойиҳаларига мутахассислар ва ускуналарнинг олиб келинишида шароитларнинг яратиб берилиши сингари бир қатор муҳим масалаларда ўз вақтида аниқ ечимлар қабул қилинди.
Учрашувда бугунги кунда ҳаракатсиз турган тадбиркорлик субъектларининг ҳар бири билан ҳокимлар, сектор раҳбарлари шахсан иш олиб бориб, биринчи навбатда уларнинг фаолиятини қайта тиклаш чораларини кўриши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувда тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг ижобий ҳал қилиниши бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
* * *
Шунингдек, Жўқорғи Кенгес Раиси Нукус, Кегейли, Бўзотов, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир туманлари тадбиркорларининг мурожаатларини видеоконференцалоқа орқали тинглади ва уларнинг ижобий ҳал қилиниши бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати