Камбағаллик қандай бартараф этилади?


Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига қараганда, бугунги кунга келиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати томонидан ёрдамга муҳтож ҳар бир оилани қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 26-мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳудудларда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, жумладан, камбағалликни қисқартириш вазифалари белгиланган.

Айниқса, иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳалари рақобатбардошлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун фундаментал шароитларни яратиб бериш ҳисобидан янги ва доимий иш ўринларини яратиш белгиланган, — дейди вазирликнинг Камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи И.Ибрагимов. — Ушбу фармон талабларини ижро этиш мақсадида ишчи гуруҳ билан биргаликда оилаларнинг ҳолати ўрганилди. Натижада, карантин вақтида даромадсиз қолган 3434 та оила аниқланди. Ушбу оилалардаги фуқароларнинг сони 16 минг 47 кишини ташкил этади. Жами ёрдамга муҳтож оилалар сони 17 минг 114 та бўлиб, улардаги фуқаролар сони 80 минг 116 кишидан иборат.

Оилаларни оталиққа олиш, уларга ҳомийларни бириктириш ва ишга яроқли фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинган. Бунда асосий эътибор, турмуш шароити оғир, эҳтиёжманд 1 минг 271 оиладаги 4 минг 886 фуқарога қаратилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.

Бу ташаббуслар албатта, тадбиркорларнинг ўз ихтиёрлари билан амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ёрдамга муҳтож 17 минг 114  та оила 6868 та корхона томонидан оталиққа олинган.

Шунингдек, 3 минг 526 та корхона томонидан жами 27 минг 703 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Натижада, йил бошидан буён 1 минг 432 кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил этилиб, бугунги кунга келиб, уларнинг умумий сони 16 минг 362 га етди.

А.Жиемуратов.