Суд тизимидаги ислоҳотлар натижаси


Юртимизда суд тизимининг чин маънода эркинлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир.

Сўнгги йилларда ушбу тизимни ислоҳ қилиш натижасида кўпгина ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, фуқаролик, жиноий ва иқтисодий суд фаолиятини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судяларни тинглаш ва лавозимларга тайинлаш бўйича юқори квалификация комиссияси бартараф этилиб, Судялар бирлашмасининг органи саналган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти эркинлигининг конституциявий принципига амал қилинишини таъминлайдиган Ўзбекистон Республикаси Судялар юқори кенгаши фаолият олиб бормоқда.  Адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техник ҳамда маблағ  томондан таъминлаш бўйича вазифалар ва ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментига ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари иқтисодий судлар деб ўзгартирилди ва ишни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди. Амалдаги суд мажлиси котиби лавозими бартараф этилиб, белгиланган штат бирлиги кесимида  судларнинг рўйхатига судя катта ёрдамчиси, ёрдамчи лавозимлари жорий этилди. Терговнинг тўлиқ эмаслиги суд жараёни давомида тўлиқтириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят иши қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат қилиш тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишини назорат қилиш тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлар бекор қилинди. Судя лавозимида бўлишнинг биринчи марта беш йиллик, ўн йиллик, муддатсиз даври белгиланди. Судлар янада истисослаштирилди, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий даъволарни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ваколатли бўлган Қорақалпо­ғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.

Судлар тизимида замонавий ахборот технологияларни жорий этиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Бу бўйича хал­қаро тажрибани ўрганган ҳолда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, судларда локал тармоғи қурилди, Олий суднинг корпоратив тармоғи яратилди. Судларда видеоконференция алоқа тизимини бос­қичма-босқич жорий этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Эндиликда, ҳар қандай манфаатдор шахслар бузилган ёки даъво қилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво аризасини (ариза), шикоят (протест), мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни судга электрон ҳужжат шаклида юбориши мумкин. Ўрнатилган “E-XSUD” ва “E-SUD” электрон маълумотлар базаси даъво ариза ва аризалар келиб тушган вақтдан бошлаб, архивга топширилган вақтга қадар бутун процессуал ҳаракатларни назорат қилиш имконини беради. Барча судлардаги суд ишини юритишнинг электрон тизимида судга келиб тушган даъво аризаларни судяларнинг ўртасида автоматик тартибда бўлиштириш ошкораликни таъминлаш мақсадида ёпиқ суд мажлисларида чиқарилган ҳал қилувчи қарорларни тарафларнинг келишуви билан Ўзбекис­тон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтида эълон қилиш имконияти яратилди.

Одил судловни таъминлашда судлар томонидан фуқаролар йиғинларида аҳоли билан очиқ мулоқотларни тизимли равишда ташкил этиш, сайёр суд мажлисларини ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида жамиятимизда ҳуқуқий онг ва маданиятни такомиллаштириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш, судларнинг очиқ ошкоралигини таъминлаш билан бир қаторда жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролик даъволарни кескин камайтириш ва фуқароларимизда қонунга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.

Г.Зарипова,

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий суди раиси.