Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вазирлик раҳбарияти, мутахассислар, туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари иштирокида онлайн ва аудио йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасининг бўлим катта прокурори Р.Жангабаев ва бошқалар сўзга чиқиб, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича шу йилнинг 4 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва юзага келаётган муаммолар, ҳуқуқий тарғибот ишларидаги хато-камчиликлар бўйича батафсил маълумотлар беришди.
Республикамизда юз берган, жами 442 та жиноятнинг 134 таси маҳаллалардаги жиноятлар саналади. Жумладан, 6 та одам ўлдириш, 8 та баданга шикаст етказиш, 80 та ўғирлик, 9 та безорилик, 5 та одоб-ахлоққа зид ҳамда 26 та бошқа турдаги жиноятлардир.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасининг шу йил 21 майдаги Қонунбузарлик, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон яратиб бераётган шароитларни бартараф этиш бўйича Тақдимномасида таъкидлаб ўтилган масалалар бўйича маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, ушбу жиноятлар Нукус шаҳри, Тахиатош, Нукус, Амударё, Беруний, Кегейли, Бўзатов, Тахтакўпир, Қўнғирот, Тўрткўл, Чимбой туманларида, одам ўлдириш Тахиатош ва Нукус туманларида, қасддан баданга шикаст етказиш Беруний, Қўнғирот ва Шўманой туманларида, ўғирлик Нукус шаҳри, Тахиатош, Тўрткўл,Амударё, Беруний, Мўйноқ, Кегейли ва Шўманой туманларида ошган. Жиноят сони ошган ҳудудлар қайд этилиб, бунинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди. Жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла раислари ва жамоат ташкилотлари фаоллик кўрсатиши лозим эканлиги таъкидланди.
Йиғилишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича фикр-таклифлар билдирилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.