Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 май кунги қарори ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш борасида муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, ўтган қисқа муддатда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш, йилига миллион тоннадан ортиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлган маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга оширадиган кластерларни ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Бу борада Нукус шаҳрида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи «Roodell recovery» МЧЖ кластери ўз иш фаолиятини бошлади. Корхона томонидан Нукус шаҳрида иккита секторда яшовчи аҳоли билан шартномалар тузилиб, жойлардаги чиқиндилар 14 та махсус техникалар ёрдамида олиб кетилмоқда. Корхонада саралаш ускунаси орқали турларга ажратилиб, қайта ишлаш учун таёрланмоқда.
2018 йил биринчи ярим йиллигида корхона томонидан 5167 тонна чиқиндилар ҳудудлардан олиб чиқилди. Чиқиндиларнинг кўп миқдорини бир марталик фойдаланадиган полимер плёнкали пакетлар ташкил қилиб, атроф муҳитга салбий таъсирини кўрсатиб келмоқда. Юқорида келтирилган Президент қарорининг бешинчи бандига асосан 2019 йил 1 январь кунидан бошлаб полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини сотиладиган товарлар нархларига қўшиш, шунингдек, уларни таннархидан паст нархларда сотиш ва қалинлиги 40 микрондан кам бўлган пакетларни ишлаб чиқариш таъқиқлаб қўйилади.
Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона кўмитасига мазкур бандда белгиланган талабларга риоя этилиши устидан қатъий назорат қилиш вазифалари юклатилган.
Келгусида корхонага тўртта замонавий чиқиндиларни қайта ишловчи ускуналар ишга туширилиб, саралаб олинган қоғоз чиқиндисидан картон, ёғоч чиқиндисидан кўмир брикети, полимер чиқиндисидан синтефон, қурилиш чиқиндисидан ғишт, ёнувчи чиқиндидан алтернатив ёқилғи, газ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Натижада атроф муҳит ифлосланишининг олди олинади.
Шунингдек, 14 та туманда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи «Тоза ҳудуд» ДУК корхонаси филиаллари томонидан жисмоний ва юридик томонлар билан шарномалар тузилиб, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш бўйича самарали хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида корхона томонидан 36772 тонна чиқинди олиб чиқиб кетилиб, махсус полигонларга жойлаштирилди. Шу билан бир қаторда давлат дастурига асосан суюқ (фекал, оқава сув) чиқиндиларни ташувчи 14 та махсус ассенизатор автомашиналари олиб келиниб, бу йўналишда ҳам чиқиндиларни ташиш хизматлари кенг йўлга қўйилди.
Аввалги йиллари полигонларга жойлаштирилган чиқиндилар фақат кўмиш йўли билан зарарсизлантириб келинган ва атрофлари деворлар билан ўралмаган. Давлат дастури бўйича полигонларни тартибга келтириш учун 5,5 млрд сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунланди. Давлат экология қўмитасининг мазкур соҳага инвестиция киритиш учун қулай шароит яратиши орқали маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш фаолиятига тадбиркорлик субъектларини давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш корхоналарининг сони ва турлари кўпайгани, аҳоли сонининг ўсгани оқибатида чиқиндиларнинг турлари ва миқдори ҳам кўпайди.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрель кунги қарорига мувофиқ, «Чиқиндиларни назорат қилиш» инспекцияси ўз иш фолиятини йўлга қўйди. 2018 йилнинг ярим йиллиги давомида мазкур инспекция жисмоний ва юридик шахслар томонидан чиқиндиларнинг ноқонуний жойлаштирганлиги, белгиланмаган жойларга ташланган ва сақланган ҳолатларини аниқлади. Уларга нисбатан 305 та маъмурий иш қўзғатилди ва жаримага тортилди.
Агарда жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли ҳудудларда корхоналар билан шартномаларни ўз вақтида тузиб, тўловларни вақтида тўлаб борсалар бу каби салбий ҳолатларнинг кескин камайишига ҳисса қўшган бўлади. Негаки, ноқонуний чиқиндихоналар айнан белгиланган тартибда шартнома тузмаслик ва тўловларни тўламаслик оқибатида юзага келмоқда.
Ҳар бир инсон аввало, хонадони, маҳалласи ва юртимизнинг атроф муҳит мусаффолигини, экологик санитария ҳолатини тоза сақлашга масъуллигини унутмаслиги керак. Зеро, қабул қилинаётган қарорларда ҳам аҳолининг экологик маданиятини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Шундай экан, атроф-муҳит тозалигини асрайлик!
А.Мадаминов,
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи.