Юртимиздаги етакчи тиббий муассасалардан бири бўлган Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўптармоқли тиббиёт маркази 220 ўринга мўлжалланган. Марказда Оролбўйидаги барча шаҳар ва туманлардан ташриф буюрувчи 18 ёшгача бўлган болалар кардиология, нефрология, аллергология, пульмонология, эрта ёшдаги болалар патологияси, шунингдек гематология, гастроэнтерология, асаб, реанимация, қиз болалар гинекологияси, урология, гўдаклар жарроҳлиги, йирингли жарроҳлик, таракал жарроҳлик, юз-жағ жарроҳлиги, ортопедия, отоларингология каби кенг ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича даволанади.
Албатта, бунда марказнинг моддий-техника базаси замонавий ускуналар билан тўлиқтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда муассаса Германия мамлакати кредити ҳисобига КWF банки томонидан «Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш» лойиҳаси асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда.
Жумладан, замонавий рентген диагностика комплекси, наркоз аппарати, аудиометр, лор комбайн, холтер мониторинг, кислород концентраторлари, лапроскоплар, шприц ва инфузион насослар, иссиқ ҳаво автоклаби, сунъий дам бериш аппаратлари, кувез, гематологик анализатор, микроскоплар, кир ювиш машинаси, 32 каналли Электроэнцефалограф, 6 каналли электрокардиограф, операция лампалари, гастрофиброколоноскоп ёрдамида беморларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда.
Ушбу замонавий асбоб-ускуналардан самарали фойдаланиш мақсадида марказ шифокорлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида, ҳатто хорижий давлатларда билим ва малака ошириб келишмоқда.
Масалан, нефролог шифокор Заҳира Ўрозбоева, кардиолог Гулбаҳор Мадрейимова, лор шифокор Женгис Бекеев Белоруссиянинг йирик клиникасида, неонатолог шифокор Роза Сайманова, реаниматолог Гулзор Халмуратова Москва шаҳрида Педиатрия илмий маркази клиникасида тажриба алмашиб келиб, болаларга ихтисослаштирилган амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Марказнинг реанимация-анестезиология бўлими шифокори Баҳодир Хожалепесов, Амангул Маткаримова Германиянинг Ульм шаҳридаги тиббиёт университети клиникасида «Гўдаклар реанимацияси» йўналиши бўйича, лаборант шифокор Сарбиназ Сержанова ушбу клиникада лаборатория бўйича стажировкада бўлиб, жаҳон тажрибалари асосида малака ошириб келди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, тиббиётнинг ана шундай кенг имкониятларидан аҳоли мамнун.
Алима МАТКАРИМОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.