Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига қараганда, 2020 йил ҳосили учун республикамиздаги 2851 та фермер хўжалигининг 53 минг гектар ер майдонига ўтган йили кузги буғдой экилган эди. Ушбу майдонлардан гектарига ўртача 61,7 центнер ҳисобидан 327 минг 116 тонна бошоқли дон етиштирилиб, давлатга 101 минг 303 тонна (шундан 88053 тоннаси товар ва 13250 тоннаси уруғлик) дон топшириш режалаштирилмоқда.
Ғалла ўрим-йиғими муваффақиятли бошланиб, бугунги кунда қизғин давом этмоқда.
Ўрим-йиғим тадбирларини тизимли амалга ошириш мақсадида махсус отрядлар тузилиб, уларга масъул мутахассислар бириктирилди. Жумладан, 615 дон ташувчи транспорт автомобиллари ҳамда 851 та трактор тиркамалари жалб этилди.
Шунингдек, ўрим-йиғим даврида талаб қилинадиган 19 млрд. 543 млн.сўм маблағлар ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди, — дейди вазирликнинг бўлим бошлиғи Р.Бекниязов. — Ушбу маблағларнинг 7 млрд. 131 млн. сўми донни ўриб олишга, 4 млрд.719 млн. сўми донни ташишга ҳамда 7 млрд. 692 млн. сўми сомондан тозалашга йўналтирилади.
Шу кунга қадар 2889 гектар майдондаги ўрим-йиғим ишлари якунланди ва гектарига ўртача 54,3 центнердан 15696 тонна бошоқли дон етиштирилиб, давлатга 7117 тонна дон топширилди.
Қораўзак туманидаги “Қораўзаклик Расул”, Беруний туманидаги “Бабишов Шамурат”, Амударё туманидаги “Раджапов Аманбай”, Шўманой туманидаги “Ўрозбой пахтакеш” ҳамда Чимбой туманидаги “Юнус ота Исламбек” фермер хўжаликлари биринчилардан бўлиб, ғалла майдонларидан ўртача гектаридан 65-70 центнердан ҳосил етиштириб, давлатга дон топшириш режасини ортиғи билан бажарганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жорий йилда ўрим-йиғим ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилиб, ғаллани қисқа муддатларда нобуд қилмасдан йиғиб олишнинг барча чоралари кўрилмоқда.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.