Таниқли ёзувчи ва журналист Асқад Мухтор “Ҳар қандай янгилик бир пайтлар унутилган эскилик асосида яратилади” дея таъкидлаганидек, ахборот тарқатиш, билим, маърифат улашиш дастлаб оғзаки усулда, сўнгра бир варақ қоғоз ҳамда газета-журналлар кўринишида юзага келган эди. Радио, телевидение ва дунёни битта глобал тармоққа бирлаштирган интернет ана шу матбуот давомчиси сифатида пайдо бўлди. Уларнинг вазифаси асосан бир хил, яъни, инсонларга ахборот етказиш, хабардор қилишдан иборат. Лекин, бугунги кунда баъзи бир “билимдонлар” газета-журналларнинг бугунги шиддат билан ривожланаётган жамиятга кераги йўқ, улар эскилик сарқити” деган фикрни илгари суриб, журналистиканинг илдизига болта урмоқда. Матбуотнинг келажагини кўролмайдиганлар учун демоқчимизки, газета-журналсиз жамият, газета-журналсиз ҳокимият ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бунинг асосий сабабларини мақоламиз давомида келтириб ўтамиз.
Хўш, бугунги кунга келиб, газета-журналлар нуфузининг пасайиб кетишига нималар сабаб бўлмоқда?
Биринчи навбатда, инсонларнинг тезлик принципини бирламчи ўринга қўйиши. Тўғри, ахборот тез эскирадиган нарса. Лекин, улар орасида бизга керагидан кўра кераксизи, бизнинг вақтимизни ўғирлайдигани кўпроқ. Шундай бўлса ҳам буни инкор этмаган ҳолда газета-журналларнинг электрон версиясини талаб даражасида юритиш имконини яратиш, керакли ва аниқ маълумотларни етказиб бериш зарурати мавжуд. Боиси, сир эмаски, ҳозир интернет оламида аниқлик, холислик масаласи оқсаяпти. Юз берган воқеа, ҳолатни расмга олиб, шов-шув кўтаришга, машҳур бўлишга интилаётган бир гуруҳ ёш журналистлар бир ҳолат бўйича турли мазмундаги маълумотларни тарқатмоқда.
“Болага иш буюр, изидан ўзинг югур” деганларидек, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида масъуллар воқеа жойига тажрибали журналистни юборишга мажбур бўлмоқда. Икки ўртада халқ сарсон. Миш-мишлар, қуруқ гап болалагандан-болаламоқда. Демак, профессионал журналистлар жараённи қўлга оладиган фурсат етди.
Иккинчидан, баъзи раҳбарларнинг қисқа фикрлаб, “бизга газета-журналлар керак эмас, обуна бўлишга мажбур эмасмиз” каби қарашлари ҳамда бу фикрни қўл остидагиларининг ҳам онгига сингдиришга уринишлари, айниқса, зиёли касб эгалари саналган мактаб директорларининг ўқитувчиларга “Мажбурий обуна йўқ, кимда ким газета журналларга обуна бўлса жазоланади” дея дўқ уриб, бу бўйича юқоридан топшириқ бўлганлигини эслатаётганини афсуски, эшитаяпмиз, кўраяпмиз.
Қизиқ, биз қачон маънавиятдан, таълимнинг асосига ҳисса қўшган матбуотдан юз ўгиришга, уни эскилик сарқити дейишга улгурдик. Расул Гамзатов “Сен ўтмишга тўппонча отсанг, келажак сени замбарак билан отади”, деб тўғри айтган. Матбуотни, китобни менсимасликнинг оқибатини узоқдан эмас, балки, бугунги кун нуқтаи назаридан хулоса қилишимиз керак.
Нима учун бугун фарзандларимизни тарбиялаш муаммо бўлмоқда? Сабаби, ёшларимиз енгил ҳаётга (оғирнинг усти, енгилнинг ости билан юришга) ўрганмоқда. Онг-тафаккур, фикр юритиш қобилияти паст. Тайёрга айёр бўлиб қолмоқда. Ота-оналар ҳам болаларини моддий томондан таъминлашнигина ўз вазифаси деб тушиниб, таълим-тарбияга унчалик эътибор бермай қўйишди. Ўғил-қизим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб қўлига энг сўнгги русумдаги телефонни олиб бердик. Ойига интернет учун 100 минглаб пул сарфладик. Фарзандимиз ушбу глобал тармоқдан нималар ўрганмоқда!? Балки, дарс тайёрлаётгандир. Лекин, нима учун натижа биз кутгандек эмас. Нима учун фарзандларимизнинг хотирасида сақлаш қобилияти суст. Улар кўпроқ шунчаки ёд олади. Аслида, тушуниши, англаб етиши учун нималар қилишимиз лозим?
Техниканинг энг сўнгги моделларини яратган компания раҳбарлари ўз фарзандларини ҳеч қандай техникаси йўқ, фақат тахта, бўр, қалам-дафтар, китоблар бўлган чекка бир мактабга ўқишга беришар экан. Бу ишончли манбадан олинган маълумот бизни мулоҳаза қилишга чорлайди. Нима учун бундай?! Сабаби, ҳеч бир техника инсонни саводли қилиб қўймайди. У фақатгина бизнинг меҳнатимизни енгиллаштириши, узоғимизни яқин қилиши мумкин. Инсонни ўзгартирадиган куч-фикрлаш, онгли иш юритишдир. Бунга эса фақатгина китоб, газета-журналлар ўқиш орқали эришишимиз мумкин. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Таъкидлаш жоизки, инсон миясининг ҳаракатга келиши учун қўл ҳам ҳаракатда бўлиши (қалам тутиши) керак. Демак, ўқиш ва ёзиш орқали биз кўзлаган натижага эришишимиз мумкин. Мана шу ерда матбуотнинг аҳамияти яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Матбуот ходимлари сўз билан ишлайдиган, тинимсиз қоғоз қоралайдиган ходимлардир. Дунёга таниқли бўлган ёзувчи-шоирларнинг кўпчилиги аввал матбуот соҳасида фаолият юритганлиги, матбуот-ижодий мактаб эканлигини исботлайди. Лозим бўлса, матбуот миллат кўзгусидир. Бунда саводхонлик, тил масаласи ҳақида гап бормоқда. Тилимизнинг ҳақиқий жонкуярлари – газета-журналлардир. Бугунги кунда она тилимизда тўғри диктант ёзишнинг ўзи нафақат ўқувчилар, балки, ўқитувчилар учун ҳам қийин бўлиб қолмоқда. Интернет тилни қайғурмайди. Хатоларни кимдир айтганидан сўнг тўғрилаш мумкин, лекин унга қадар бу маълумотни қанчадан-қанча одам ўқиши, шундай ёзилар экан деб тушунишлари мумкин. Ана шу тушунчалар тилнинг бузилишига олиб келади.
Гувоҳи бўлаётганингиздек, интернет журналистикаси тезлик бобида қанча илдамлаб кетмасин, барибир матбуотнинг ўрнини босолмайди. Интернетни назорат қилиш имконсиз. Яна бир жиҳати, интернет журналистикаси кўпроқ хабардор қилиш, ахборот тарқатиш вазифасини самарали бажаради, лекин у фикрлаш, онгли равишда ўйлаш қобилиятини ривожлантириши гумон. Электрон қурилмаларнинг инсон саломатлиги учун жуда зарарли эканлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Бу биринчидан кўзимиз учун хавфли, иккинчидан нурнинг инсон организмига салбий таъсирлари кўп. Компьютер олдида ўтирган (ёхуд телефон) одам тез чарчайди. Чарчаш баробарида жаҳл қилиши, хотира сустлашиши мумкин. Энг ёмони, мияни кераксиз маълумотлар билан тўлдириш бизнинг салбий фикрлашимизга сабаб бўлади. Салбий фикрлаш-бу ҳаётимизни ўғирлаш дегани. Хўш, биз фарзандларимизнинг қандай инсонлар бўлиб тарбияланишини хоҳлаймиз?
Қолипга тушган бир гап бор. “Фарзандларимиз ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом, дунёқараши кенг, эркин фикрлайдиган комил инсонлар бўлиб тарбияланиши учун имкониятлар яратилмоқда…” Хўш, имконият деганда нимани тушунамиз? Эркин фикрлаш деганимиз нима? Пушкин ўттиз ёшга етмай бутун дунёга танилди, қалами билан рус миллатини энг юқори чўққига олиб чиқди. Шоир: “Инсоннинг буюклиги фикрда” деган.
Инсоният тарихида энг катта ихтиролар яратган физик олим Альберт Эйнштейн бўлса, “Ахборот-билим эмас. Илмнинг асоси — тажриба” дея таъкидлаган. Олим илмли бўлиш, тажриба тўплаш учун фикрлаш зарурлигини уқтиради. “Ўйлаш – бу ҳамма нарса. Бу ҳаётдаги бўлажак ҳодисаларни кўриб чиқишдир. Фикрлаш-билимдан ҳам муҳим”. Альберт Эйнштейн фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун ўқиш ва уқиш зарурлигини қайд этади ва “Биз билишимиз лозим бўлган ёлғиз нарса-бу кутубхонанинг қаерда жойлашганлиги” дея келтиради.
Демак, китоб, матбуот ҳеч қачон эскилик сарқити бўлиб қолмайди. Бунга дунёни ўзгартирган олимлар нуқтаи-назаридан миллионлаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Инсон фикр юрита оладиган ягона жонзот. Шундай бўлиб қолиши учун ҳам биз техникага эмас, энг катта ва ажойиб топилма саналган қоғозга суянишимиз керак.
Демак, инсон ўқиганда фикрлайди. Интернетдаги интерактив бир воқеага нисбатан турли кўз қарашлар фикрлаш бўла оладими? Бизнингча, йўқ. Инсон ёлғиз, ўзи билан ўзи қолгандагина буюк ихтиролар яратилган. Бу тарихий факт. Китоб билан, ижодкор руҳияти билан ёлғиз қолиб фикрлаши лозим. Бу нима дегани? Мақсад нима, хулосачи…
Бугунги кунда халқимиз енгил ҳаётга ўрганиб қолмоқда. Кичкина болалардан “қўшиқ биласанми?” деб сўрасанг, маъно-мазмуни йўқ, қўшиқ талабига жавоб бермайдиган “Даме, Даме, дамем бор сенда” дея қайсидир эстрада “юлдузи”дан парча келтириши ёхуд ёшларимизнинг турк сериалидаги актёр, актрисалар каби кийиниб, ўзини ўзи кўз кўз қилишдан уялмаслиги барчаси маънавий дунёсининг саёзлигидан, мустақил фикри шаклланмаганлигидан дарак беради. Улар қачонгача бировларга тақлид қилади!? Бунга албатта ёши катта авлод вакиллари айбдормиз.
Техниканинг яна бир жиҳати, у кўпроқ инсон истеъдодини бўғиб қўймоқда. Бугунги эстрада юлдузларининг неча фоизи жонли овозга эга деб айта оласиз? 90 фоиз концертлар фонограмма орқали ижро этилади. Беҳудага оғзини қимирлатаётган саҳнадаги масхарабозми ёки санъаткор? Бунинг кўзбўямачилик эканлигини кўра-била туриб нима учун чипта харид қиламиз. Ким-кимни “ўз йўлига солмоқда?”, “Алдаган эмас, алданган аҳмоқ” деган гап бор ота-боболаримиздан қолган.
Интернетда ана шундай кўзбўямачиликлар авж олмоқда. Қай бир даврда истеъдод қўл учида “Like” босиш билан аниқланадиган, таниш – билишчилик, бу ҳам бир коррупция. Меҳр-оқибатнинг кўтарилишида ана шу беминнат глобал тармоқнинг хизмати катта.
Жиноят, зўрлик, ҳиёнат, «тирноқ»ча ичидаги замонаий шахс. Ёвузликни тарғиб этишнинг ажойиб воситаси – интернет. Онгсизлар бировнинг этагидан тутиб кетаверади, бу майдонда. Мардлик-куч кўрсатиш, бошқага заҳрини сочиш ёки бировни ўлдириш деб тушинадиганлар ҳам йўқ эмас. Фарзанд ота-онасидан ўз хунуни, ҳаққини талаб қилиб, уларни судга бермоқда, қариндошлар ўртасида мол-дунё талашишлар, кел яхшиси давом эттирмаймиз. Кўра-кўра кўзимиз кўникиб, вужудимиз ўлиб, ҳиссиз бўлиб бормоқдамиз. Биз жондан азиз фарзандларимизни ҳали оқ-қорани танимай турган бир пайтда интернет оламига нима учун қўйиб юбормоқдамиз?
“Кўк кит”, “Момо” каби дунёни ларзага солган ўз жонига қасд қилишга мажбурлайдиган ўйинлар юзага келаётган бир пайтда биз нима учун бепарво, беғаммиз?! Биз бошқани тарбиялашимиз учун олдин ўзимиз тарбияли бўлишимиз керак эмасми? Соатлаб телефонга қараймиз. Боламиз билан китоб ўқиш “урфдан” қолди… Шуми замон билан тенг қадам ташлаш, шуми биз кўзлаган мақсад? Интернетнинг ажойиб хизматлари, имкониятлари ҳам бор. Лекин, техникани бошқариш учун қанча ақл керак?! Ачинарлиси, ҳозир техника бизни бошқармоқда. Масалан, тармоқдаги тайёр курс иши, дарс ишланмасини олсак. Уни ким, қай даражада саводли инсон ёзди экан, маълумотлар тўғрими, деб бир бора ўйлаб кўрганмисиз? Йўқ, кўпчилик фақатгина тайёр ҳолда топилганига қувониб, бекорга жон қийнамай кўчиради. Шундан ўқиш бўлдими? Хўш, кимни алдаяпмиз? Шу тариқа ўзимизни жар ёқасига бошлаяпмиз. Халқимизнинг китобга қайтаётганлиги қувонарли албатта. Қанийди, шу қатори газета-журналларга ҳам қайтса?! Биз ўз манфаатимизни ўйлаб бундай демаяпмиз. Демоқчимизки, газета-журналлар ҳар бир соҳа мутахассиси учун ишончли манба бўла олади. Болалар дунёқарашини кенгайтиришда ҳам ибрат мактаби вазифасини бажаради. Чунки, нашрларда элакдан ўтган, энг ишончли манбалар ўрин эгаллайди. Йиллар ўтиб, бу газета-журналлар кўплаб илмий тадқиқотчиларга (тарих, адабиёт, турли соҳа нашрлари шу соҳа ходимлари учун) беминнат, бебаҳо манба сифатида хизмат қилиши ҳақиқат. Архив. Газета-журналларнинг бу фаолиятини бошқа ҳеч бир оммавий ахборот воситалари тўлиқ бажара олмайди.
Миллий мас медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳомийлик кенгаши раҳбари К.Алламжановнинг танқидий фикрларига ечим сифатида биз қуйидагиларни келтириб ўтмоқчимиз.
Биз ўзимизни оқлаш ниятидан йироқмиз. Замонга хос ўзгаришга, интернет сайтларида фаолият юритишга тайёрмиз. Бу учун бизда тажрибали, фидойи журналистлар ҳам етарли. Лекин, газетанинг қоғоз вариантини сақлаб қолиш тарафдоримиз. Бу жамиятимизга керак. Журналистика, айниқса, матбуот журналистикаси алоҳида ижодий мактаб эканлигини ҳисобга олиб, журналистларимизга ҳам маънавий, ҳам моддий рағбат, кўмак зарурлигини билдирамиз. Матбуотда ойлик маош ҳам, қалам ҳақи ҳам кам. Шусиз ҳам биз бир қанча қалами ўткир журналистларимизни қўлдан бой бердик.
Бир донишманд ёш боланинг қўлидан тутиб, йўл-йўриқ кўрсатаётган экан. Шунда одамлар ундан “Нима учун шунча шогирдлар ичидан айнан шу болани ёнингизга олиб, кутубхоналар, буюк инсонлар билан таништириб, меҳрибонлик кўрсатиб юрибсиз?”деб сўрабди. Донишманд: “Мен унда бошқа бир истеъдод борлигини пайқадим. Шу сабабли орқамга эргаштириб, қобилиятининг ривожланиши учун йўл очмоқдаман. Ҳақиқий истеъдодлар палак остида қолиб қўяди. Уларни қўллаб-қувватлаш зарур. Қобилиятсизлар эса илгарилаб, (жўн олди қарабарақ) кетади. Улар лозим бўлса бирлашиб, ўзларига йўл очиш учун ўша талант учқунини сўндириб ташлаши ҳам мумкин”, дебди.
Бугун журналистиканинг илдизи, ҳақиқий ижодий мактаби бўлган матбуот ана шундай етакчига муҳтож, унга ғамхўрлик ва эътибор керак. Дунё ўзгараяпти деб, ўзлигимиздан кечиш шарт эмас. Масалан, чет тилларини билиш керак, лекин ўз она тилимизни энди кераги йўқ деб бир чеккага суриб қўйиш қандай нодонлик. Ёхуд чет элларда оила тушунчаси саёз, хоҳлаган пайтда турмуш қуриб, хоҳлаган пайтда ажрашиб кетади, (ачинарлиси, сўнгги йилларда бизда ҳам оила деган муқаддас тушунчага ана шундай енгил қараш натижасида бузилиб кетмоқда. Буларга ҳам турли саёз кинофильмларнинг экран юзини эгаллаётгани сабаб бўлмоқда). Биз ҳар бир нарсанинг яхши томонини ўзимизга мослаштириган ҳолда қабул қилишимиз лозим. Ўзгачалик, ўзига хослик деб шуни айтишади.
Биз ҳам замон билан тенг қадам ташлаб ўз интернет версияларимизни, сайтларимизни ишга қўшишга тайёрмиз. Энг тажрибали, қобилиятли журналистлар матбуот орқали халқимизни савияли, маърифатли, зиёли қилиб тарбиялай олади. Бу азалий қоида ҳали ҳам ўзгармаган ва ўзгармайди ҳам.
Яна бир катта муаммомиз-матбуот тарқатувчи ташкилотларнинг кўнгилдагидек фаолият кўрсатмаслиги, газета-журналларнинг ўз вақтида ўқувчилар қўлига етиб бормаслиги ҳам аҳолининг матбуотга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда. Бу муаммога ҳам аниқ ечим топиш зарур.
Умуман олганда, газета-журналларни ривожлантириш, доимий маблағ билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаймиз. Ижодкор касбдошларимиз кўнгиллари тўқ, ҳақиқий ижод билан шуғулланишлари учун (обуна учун бош қотирмай), иқтисодий ҳолати уларни ташвишлантирмаслиги лозим, деб биламиз.
Кенгесбай Реймов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
“Еркин Қарақалпақстан” газетасидан олинди.