Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергеновнинг Мўйноқ тумани ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 20-21 август кунлари республикамизга ташрифи давомида 2019-2021 йилларда Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгилаб берган эди. Ўтган қисқа давр мобайнида туманда бир қатор объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Дарҳақиқат, бу борада сезиларли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан учрашувидаги 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, — деган фикрлари туман ёшларини ҳам руҳлантирди. Ёшлар томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар бунинг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида туманда “Мўйноқ келажак бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, унга тумандаги «Бўзатов» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 240 гектар ер майдони ажратилди. Шундан 1,5 гектарида иссиқхона барпо этилиб, турли хил полиз экинлари экилди. Натижаси ёмон бўлмади. Бугун 70 сотих ерга бодринг, 35 сотихга помидор экилиб, юқори ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари, бақлажон, булғор қалампири ва кўкатлар тажриба сифатида экилди.
Иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлар туман халқига арзон нархларда сотилмоқда. Шунингдек, далада бир текис униб чиққан ниҳоллар кўзни қувонтиради. Энг асосийси, 90 нафардан зиёд ёшлар иш билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергеновнинг туман ёшлари билан учрашуви мазкур иссиқхона қошида ўтказилиши бежиз эмас. Инсон қанча ҳаракат қилса, барака бўлишини туман ёшлари амалда исботламоқда. Ёшларнинг ташаббуслари бугун кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
Учрашувда 10 та ёш оилага тажриба сифатида иссиқхона қуриб бериладиган бўлди. Бу ёшларни янада қувонтирди. Ҳудудда истиқомат қилувчи Парийзе Болтабоева бир неча йиллардан буён хорижда ишлаб келарди. Мўйноқ туманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар натижасида у ҳам иссиқхонага ишга жойлашди. Ўз қишлоғида меҳнат қилганга нима етсин?! Бугун у хориждагидан кам даромад топаётгани йўқ.
Авваллари туманга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташқаридан олиб келинар эди. Бу унинг сифатига салбий таъсир кўрсатарди. Бугун эса, иссиқхонадан янги узилган маҳсулотлар туман деҳқон бозорида аҳолига сотилмоқда. Арзон ва сифатли маҳсулотларга талаб ортмоқда. Бу эса харидорни ҳам, сотувчини ҳам мамнун қилади.
Шу ернинг ўзида хайрия тадбири ҳам ўтказилди. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида тумандаги 11 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи кам таъминланган, эҳтиёжманд 200 та оилага озиқ-овқат ва шу ерда етиштирилган маҳсулотлар тарқатилди.
Тадбирда ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва бу бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев қатнашди.