Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 майдаги «Жиноят процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида» ги Қонуни билан Жиноят процессуал кодексининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, 52-модданинг биринчи қисмига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имконият мавжуд бўлгандагина йўл қўйилиши мумкин. Бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлаши, ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги, ҳимоячидан воз кечганлик ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилиши ёхуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилиши, видеоёзув материаллари баённомага илова қилиниши, бунда ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, 217-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди, яъни «Суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида шахсга нисбатан қўлланилган процессуал мажбурлов чораси ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шартлиги, ушлаб турилган, қамоққа олинган, уй қамоғига ёки тиббий муассасага жойлаштирилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, бу ҳақда дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига хабар берилиши шартлиги, хабарноманинг кўчирма нусхаси ишга илова қилиниши белгилаб қўйилди.
Ушланаётган шахсда қурол борлиги ёки у жиноят содир этганлигини фош қилувчи далиллардан қутулиш ниятида эканлигини тахмин қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, ушлаётган ваколатли шахс уни шахсий тинтув ёки олиб қўйишни амалга оширишга ҳақлидир.
Шахсни ушлаш видеоёзув орқали қайд этилмаган ҳолда, ички ишлар ходими ёки бошқа шахс ушлаб турилган шахс яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келинганидан сўнг видеоёзувдан фойдаланган ҳолда унинг процессуал ҳуқуқларини тушунтириши шарт. Бунда ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади. Шу ўринда шахсни яланғочлаш билан боғлиқ шахсий тинтувни видеоёзув орқали қайд этиш тақиқланади.
Мазкур қонун ижроси юзасидан Хўжайли тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси хизмат хонасига 24 соат мобайнида ишлаб турадиган махсус видеоёзув ускунаси билан жиҳозланиб, ҳозирги пайтда тегишли тергов ҳаракатлари махсус хонада амалга оширилиб келинмоқда.
А.Сариев,
Хўжайли тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи капитан.