НАЙМАНКЎЛ ВА КЕНЕГЕС БУНЁДКОРЛИКЛАР МАСКАНИ


Мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган мислсиз ўзгаришлар, хусусан «Обод қишлоқ» дастури нафақат қишлоқлар қиёфасини, балки одамларнинг эскича фикрлаши, эртанги кун ҳақидаги тасаввурини ҳам тамомила ўзгартириб юборди. Ушбу янгиланишларда муҳим омил бўлган Президентимизнинг шу йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Тахиатош туманининг Найманкўл ва Кенегес овул фуқаролар йиғинида ҳам ана шундай хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

— Дастурга мувофиқ, 4522 нафар аҳоли яшайдиган мазкур ҳудудларда жами 10 миллиард 218 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилади, — дейди туман бош меъмори Отабек Машарипов. — Жумладан, автомобиль йўлларини таъмирлаш, ижтимоий инфратузилма объектларини бунёд этиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ишлари босқичма-босқич қизғин олиб борилмоқда.

Ёши улуғ инсонларнинг айтишича, Найманкўл ва Кенегес қишлоқлари ҳудуди қадимда тўқайзорлардан иборат бўлган экан. Бугун ушбу ҳақиқатга ишониш қийин. Зеро, қишлоқларда қад ростлаган кўркам уй-жойлар, бозор талабидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган замонавий корхоналар, одамларнинг мамнун қиёфаси бунга изн бермайди.

Мазкур қишлоқларда амалга оширилаётган бунёдкорликлар билан яқиндан танишар эканмиз, жараён қизғин тус олаётганига, бунга барча улуш қўшишга интилаётганига гувоҳ бўлдик. Режа қилинган 17,5 километрлик электр тармоғи қурилгани, иккита трансформатор пункти янгидан бунёд этилиб, тўрттаси мукаммал таъмирлангани, 3,5 километрлик газ тармоғи таъмирланиб, 18,3 километрлик ичимлик суви тармоғи қуриб битказилгани шундан далолат беради.

Махсус комиссия ҳудуддаги 783 хонадоннинг аҳволини яқиндан ўрганиб, одамларни иш билан таъминлаш, банкдан кредит олишда ёрдам бериш, турар жойларни таъмирлаш, қишлоқ қиёфасини бузадиган ноқонуний қурилишларни бартараф этиш каби ишларни изчил амалга оширмоқда. Бугунгача кўплаб хонадонлар таъмирланиб, ноқонуний қурилмалар йўқ қилинди. Ўттиз олти хонадон соҳибига банкнинг 640 миллион сўмлик кредити ажратилиб, уларнинг уй меҳнати билан шуғулланишлари учун имконият яратилди.

— Бу ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимизга, бунёдкорликларнинг боши-қошида турган инсонларга минг раҳмат, — дейди найманкўллик нуроний оқсоқол Ўрозбой Юсупов. — Уйларимиз таъмирланган, кўчаларимиз кечалари ёруғ, йўллар асфальтланган. Айниқса, ҳар бир хонадонга ичимлик суви етиб келгани нур устига аъло нур бўлди. Қишлоқдошларимизнинг қувончи чексиз.

Қишлоқдаги 11-сонли мактаб «Техника сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан капитал таъмирланди. Мактаб директори Ўринбой Болиевнинг айтишича, ўқувчиларнинг ёзги дам олишга чиқиши баробарида ушбу ишлар амалга оширилгани айни муддао бўлди. Зеро, болалар янги ўқув йилини замонавий қиёфа касб этган жонажон мактаби бағрида бошлади.

Бундай жўшқин фикрлар янгиланган 1,5,16-сонли мактаблар, қишлоқ врачлик пункти жамоаларига ҳам тегишли.

Кеулимжай Адилбаев, Гулжан Гонрадова, Мукаррама Жумамуратова, Тўлқин Рўзимов каби тадбиркорлар ҳам ушбу ишларга муносиб ҳисса қўшдилар. Улар замонавий инфратузилма объектларини бунёд этиш, одамларни доимий иш билан таъминлашдек хайрли амалларни рўёбга чиқармоқда.

— Дастур ижросини таъминлашга жамоат ташкилотлари, жумладан сиёсий партиялар ҳам муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда, — дейди Тахиатош туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурашид Аманов. — Масалан, OzLiDeP Тахиатош туман Кенгаши томонидан ўтказилган «OzLiDePнинг обод кўчалари» акцияси доирасида хонадонларни таъмирлаш, томорқаларни обод этиш, ён-атрофларни чиқиндилардан тозалаш, одамларнинг муаммоларини ҳал этиш каби кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир хонадонга бориб, кам таъминланган, ногирон шахслар, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Мухтасар айтганда, дастур ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш барчанинг бурчига айланган.

Ҳидоят АҲМЕДОВ.