Бугунги кунда республикамизда 16 та жойда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолият олиб бормоқда. Бу марказларда халқаро тажрибаларга суянган ҳолда оилавий муаммоларга ҳамда ҳаётида зўравонликка учраган шахсларга аноним шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик, унга эрта барҳам бериш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган бу марказлар “Аёллар ижтимоий реабилитация маслаҳат” марказлари номи билан фаолият бошлаб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий чоралардан бири бўлди. Бугунги кунда марказнинг хизмат кўрсатиш доираси кенгайиб, нафақат хотин-қизлар, балки ёш ўсмирлар, эркак кишилар ҳамда ёши катта фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатилмоқда.
2019 йили ушбу марказларга 292 нафар хотин-қизлар мурожаат қилган бўлса, уларнинг 28 нафарига тиббий, 79 нафарига психологик ҳамда 43 нафарига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилиб, 32 нафар хотин-қизларнинг кредит олиши ҳамда ишга жойлашиши таъминланди. Эр-хотин ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар оқибатида ажрашиш арафасида турган 110 дан ортиқ оилалар яраштирилди. Жорий йилнинг 5 ойи давомида аҳолининг барча қатламларидан 187 та мурожаат келиб тушган. Олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг 71 та оила яраштирилган бўлса, 67 нафар фуқаро ўз оиласи бағрига қайтарилди.
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси – UNFPA ташкилотининг Халқаро гендер тенглик бўйича эксперти Ольга Аванесова Қорақалпоғистонга келиб, 13 та туманда ташкил этилган марказлар фаолияти билан танишди. Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахслар учун бу ерда яратилган шароитлар, аҳолининг марказларга эҳтиёжи ўрганилди.
— Қорақалпоғистонга келишимдан мақсад, маҳаллий аҳоли орасида оиладаги босим ўтказишнинг, зўрлик кўрсатишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, бу борада Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари томонидан амалга оширилган ишлар билан танишишдир, — дейди О.Аванесова. — Олиб борилган мониторинг давомида марказ фаолиятини халқаро даражага етказиш лозим, деган фикрга келдим. Келгусидаги икки йил давомида чет эллардаги мана шундай марказлар фаолиятини тажриба сифатида Қорақалпоғистондаги марказларда жорий этишни режалаштирмоқдамиз.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлигишарҳловчиси.