Маълумки, жорий йилнинг 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида тўхталар экан, касаллик жуда мураккаб синов ва унга қарши кураш эса оғир бўлишини, касалликни тўлиқ енгиб ўтиш учун биринчи навбатда, шахсий гигиена қоидаларига, тиббиёт ходимлари кўрсатмаларига амал қилиш лозимлиги ва бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга, темир интизом билан қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, азизлар Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган неъматлари ичида сабр энг каттаси ҳисобланади. Сабр сўзи Қуръони каримда 103 та оятда зикр қилинган. Сабр сўзининг маънолари жуда кўп бўлиб, улардан бири “танглик ила ўзини тутиб туриш”дир. Ҳозирда ҳаммамиз COVID-19 вирусига қарши курашиш мақомида турган эканмиз, биз учун сабрнинг худди шу маъноси зарур.
Зеро, сабрли инсон ризқнинг Аллоҳдан эканлигига иймон келтириши билан бирга, ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради.
Юртимизда биринчи марта карантин қоидалари эълон қилиниб, айрим чекловлар жорий қилинган дастлабки кунлари халқимиз орасида баъзи тушунмовчиликлар бўлди.
Лекин Юртбошимизнинг ташаббуслари билан биринчи галда ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази фаолияти йўлга қўйилиб, мурожаатлар асосида ўз хизматини амалга оширди. Бундан бошқа бир нечта ҳайрия ташкилотлари, тадбиркорлар ва саховатпеша инсонлар томонидан халққа моддий ёрдамлар кўрсатилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги ҳам тез да бартараф этилди.
Ана шунинг учун ҳам биз бугун айнан сабр-тоқат ва унинг фазли ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.
Қуръони каримда бир нечта пайғамбарларнинг сабрлари ҳақида зикр қилинган бўлиб, уларнинг энг сабрлиси ва матонатлиси Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳисобланади. У зотда сабр сифати бўлмаганларида бир умр камтарин ҳам бўла олмас эдилар.
Дунё аҳолисини катта хавотир ва саросимага қўйган бу кўринмас балони енгиш учун биздан янада кўпроқ сабр ва масъулият талаб этилади.
Биз вирусни ҳали бутунлай енгганимиз йўқ. Демак, уни бартараф этишга қаратилган қоида ва талаблар турмуш тарзимизда амал қиладиган асосий вазифа бўлиши керак. Ниқоб тақиш, уйимизни, атрофимизни тоза ва озода сақлаш, гигиенага қатъий амал қилиш кундалик юмушларимизда асосий рол ўйнаши керак. Президентимизнинг таъбири билан айтганда «Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ».
Аллоҳ таолодан сабр неъматини доимо дуо қилиб сўрашда бардавом бўлишимиз лозим. Чунки, сабр неъматисиз бирор нарсага эришиш амри маҳол. Сабр қилганнинг ҳимоячиси Аллоҳ экан, у албатта мақсадига эришади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ҳар қандай вазиятда ҳам ваҳимага тушмасдан сабр қиладиган собур бандаларидан қилсин!
Ш.Баҳоуддинов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари
қозиёти қозиси.