АРИЗАЛАР ЭЛЕКТРОН ҚАБУЛ ҚИЛИНМОҚДА


Бугунги кунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.

Бу эса фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар, яъни  туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва бошқа инсоннинг ҳуқуқий субъектлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзгариши ва тўхташига сабаб бўладиган ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди. Шунга кўра, ФҲДЁ органларининг фаолиятини тўғри ташкил этиш ва назорат қилиш вазифаси Давлат хизматлари агентлигига ўтказилди.  Бунда, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, «ФҲДЁ нинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш каби бир қатор вазифалар белгиланган.

Инсон энг аввало оилада туғилиб, камолга келади, тарбияланади. Турмуш қурган ёшлар  ўртасида аҳиллик, меҳр-оқибат, бир-бирига ишонч ҳамда садоқат бўлсагина оилада маънавий соғлом муҳит шаклланади, мустаҳкам бўлади. Халқимизда оила азал-азалдан муқаддас ҳисобланади. Шу боис, ўғилни уйлантириш ҳамда қизни турмушга бериш ота-она учун ҳам фарз ҳам қарздир. Никоҳ, эр-хотин оиланинг икки асосидир. Оилада бола дунёга келиши билан ота-онанинг фарзанд ва жамият олдидаги бурч доираси кенгаяди, оқибатда оилани мустаҳкамлаш, болаларга тўғри тарбия бериш масъулияти ортади.

Тан олиш керакки, баъзан ёши катталар, яъни ота-оналар ўз орзу ҳаваси йўлида фарзандларидан фойдаланишади. Яъни, фарзандлари кўнглига қулоқ тутмай, бой хонадон билан қуда анда бўлишни, бўлажак келин ёки куёвни яхши танимасдан, оилаларини сўраб-суриштирмай, ёшларнинг бошини қовуштиришни ўйлашади. Баъзида эрта ва яқин қариндошлар ўртасида турмуш қуриш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу эса ўз навбатида оилаларнинг дарз кетишига, она ва бола соғлигига жиддий хавф туғдиради.       

Маълумки, оилавий ажрашишларнинг ҳар учтадан биттаси никоҳнинг дастлабки ўн йили ва ундан ортиқ бўлган даврига тўғри келади. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, оилавий ажримларнинг асосий сабаблари ижтимоий-иқтисодий муаммоларга бориб тақалади. Яъни, оиладаги ўзаро муносабатлар, моддий етишмовчилик, уй-жой билан боғлиқ муаммолар, оилавий муносабатларга ота-она ва бошқа қариндошларнинг ноўрин аралашуви, эр ва хотин феълининг ўзаро мос келмаслиги, улардан бири зарарли одатларга ружу қўйиши каби кўплаб сабаблар ажрашишларга олиб келмоқда.

Биз фаолиятимиз давомида тегишли ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган тадбирларда асосан, қизларимизни катта ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, оилавий ажримларни бўлдирмаслик, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, оилаларда соғлом-маънавий муҳитни шакллантириш, оилаларни мустаҳкамлаш борасида тушинтириш, тарғибот ишларини олиб бораяпмиз.

Нукус шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 740 та никоҳ қайд этилди. 3643 та туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилди. Шундан 674 та ҳолатда оталик белгиланган.

Маълумки, бугунги пандемия шароитида Нукус шаҳар ФҲДЁ органлари фуқаролардан никоҳдан ўтиш учун аризаларни электрон тарзда қабул қилмоқда. Бунда MY GOV интерактив давлат хизматлари портали орқали никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдириб,  ФҲДЁ бўлимига юборишлари мумкин.ФҲДЁ бўлими ходимлари аризани ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда йўлланма беради.

Оилаларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини соғ­ломлаштириш, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий профилактик тадбирларни кучайтириш, ажрашишлар, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олишда албатта биз ФҲДЁ ходимлари  хизмат вазифамизни масъулият билан адо этамиз. 

Е.Сабурова,

Нукус шаҳар ФҲДЁ бўлими ходими.