Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов ишчи гуруҳ билан биргаликда Қўнғирот туманида бўлиб, «Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!» шиори остида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар жараёни билан танишди.
Вазирликнинг ахборот хизмати маълумотларига қараганда, бу ерда бир қатор хайрли ишлар қилинган. Жумладан, «Ажинияз» ОФЙ ҳудудида яшовчи кам таъминланган оилалардан бири А.Айбазарованинг уйининг ташқи қисми оҳакланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Фарзанди Тлеубаев Муратбай сувдан фойдаланувчилар бирлашмасига ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди. Шу ҳудудда яшовчи Нурлибаев Парахатнинг турар жойининг томи шиферлаб берилди. «Қумбиз» МФЙ ҳудудида маҳалла ишчилари ва фаоллари билан суҳбат ўтказилди.
«Бердақ», «Моншақли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда «Алтинкўл» посёлка фуқаролар йиғини ҳудудида вазир С.Турманов маҳалла ходимлари ва фаоллар билан учрашиб, «Бердақ» маҳалласининг янги биноси ҳақида суҳбатлашди.
Шунингдек, «Алмазар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган З.Ибрагимованинг уйи таъмирланиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Қизи жамоат ишига жалб қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бошқарма бошлиғи А.Бўстонов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Қонликўл туманидаги «Бес кўпир» ва «Арзимбетқул» овул фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишди. Ҳудуд аҳолисининг томорқа ерлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди ҳамда уй-жойларини таъмирлаш, ариқларни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ишлари кўздан кечирилди.
А.Жиемуратов,Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.